Непал Марказий тергов бюроси (CIB) маълумотларига кўра, схема 2022 йилдан 2025 йилгача Эверест маршрутлари ва бошқа треккинг йўлларида ишлаган. Қарийб 4800 нафар хорижий сайёҳ жабрланган.
Схема қандай ишлаган?
Гидлар ва компаниялар яхши суғуртаси бўлган сайёҳларни танлаб олган (вертолёт эвакуацияси белгиланган). «Шошилинч» эвакуация қилиш учун баҳона яратиш мақсадида баъзиларнинг овқатига гўёки ичимлик содаси аралаштирилган ёки юқори дозада дори берилган. Бу кўнгил айниши, ич кетиши ва тоғ касаллигига ўхшаш аломатларни келтириб чиқарган.
Кейинчалик қуйидагилар содир бўлган:
- Вертолёт чақириш (кўпинча бир рейс бир нечта суғурта ҳодисаларига «бўлинган»).
- Қалбаки тиббий маълумотномалар ва ҳужжатлар.
- Катманду шаҳрида заруратсиз шифохонага ётқизиш.
Биргина Mountain Rescue Service компанияси 171 та сохта эвакуацияни амалга ошириб, 10,3 миллион долларлик ҳисобни тақдим этган. Умумий зарар 20 миллион доллардан ошгани таъкидланмоқда.
«Заҳарланишлар» ҳақидаги шов-шувли сарлавҳаларга қарамай, CIB расмий баёнотида таъкидланишича: заҳарлар ёки заҳарли моддалар аралаштирилгани ҳақида далиллар ҳали топилмаган. Асосий далилий база — молиявий излар, сохта ҳужжатлар ва гувоҳномалар.
Можаро аллақачон Непал туризми обрўсига жиддий зарба берди. Баъзи халқаро суғурта компаниялари минтақадаги трекерлар учун полисларни қайта кўриб чиқишни бошлади. Полиция фирибгарликни «миллий ғурур ва обрўга жиддий путур етказиш» деб атади.
Айни пайтда 11 киши ҳибсга олинган, қолган айбланувчилар қидирувда. Тергов давом этмоқда.











