Ўзбекистоннинг 17 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоаси Осиё Кубоги яримфиналига чиқди.
16 май куни ўтказилган Жанубий Кореяга қарши чоракфинал ўйинининг асосий вақтида ғолиб аниқланмади – 2:2. Ўзбекистонликларнинг иккала голига Аҳрор Равшанбеков муаллифлик қилди. Пенальтилар сериясида бош мураббий Сергей Чигодаев шогирдлари 5:3 ҳисобида зафар қучди.
Энди Ўзбекистон ўсмирлари яримфиналда 19 май куни Японияга қарши ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, 1-турда ўзбекистонликлар Ҳиндистонни 3:0 ҳисобида енгиб, муддатидан олдин жаҳон чемпионати ва чоракфинал йўлланмасини қўлга киритган эди.
U17 Осиё Кубоги Саудия Арабистонида ўтказилмоқда.
U17 Жаҳон чемпионати шу йил ноябрь – декабрь ойларида Қатарда бўлиб ўтади.











