Al-Jabr халқаро мактабида Себзор ва Юнусобод филиаллари ўқувчилари ўртасида анъанавий “Zakovat” беллашуви бўлиб ўтди. Мактабда уч йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу тадбир ўқувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, илмга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда билим ва ижод уйғунлигини ривожлантиришни мақсад қилган.


Беллашув Чилонзор филиалида ташкил этилди. Унда Себзор ва Юнусобод филиалларининг 5–8-синф ўқувчилари иштирок этди. Чилонзор филиали ўқувчилари эса саҳна кўринишлари орқали тадбирда қатнашди.

Мусобақа доирасида ўқувчилар математика, физика, IT ва инглиз тили фанлари бўйича махсус тайёрланган тест синовларини топширди. Беллашув аввалги йиллардан фарқли равишда тўлиқ электрон платформа орқали ташкил этилиб, иштирокчилар натижалари тест якунлангач дарҳол компьютер тизими орқали намойиш этилди.

Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири — иштирокчиларнинг қуръа асосида танлаб олингани бўлди. Ҳар бир синф ўқувчилари икки йўналишга бўлинди: бир қисми билим синовларида қатнашган бўлса, яна бир қисми саҳна кўринишларида иштирок этди. Ким қайси йўналишда қатнашиши эса тадбирдан бир кун олдин аниқлаштирилган.

Бу эса барча ўқувчиларнинг бирдек тайёргарлик кўришига хизмат қилди. Ўқувчилар нафақат фанлар бўйича билимларини намоён этди, балки саҳна чиқишлари орқали жамоада ишлаш, эркин фикр билдириш ва ижодий ёндашув кўникмаларини ҳам кўрсатди.

Al-Jabr халқаро мактаби раҳбари Mатлуба Караходжаеванинг таъкидлашича, филиаллараро беллашувлардан асосий мақсад қайсидир филиалнинг устун ёки суст эканини аниқлаш эмас, балки барча филиаллар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришдан иборат.

“Бу фақат ўқувчилар учун эмас, устозлар учун ҳам соғлом рақобат муҳитини яратади. Бизнинг мақсадимиз қайсидир филиал кучли ёки кучсиз эканини кўрсатиш эмас. Барча филиаллар тенг рақобат муҳитида ривожланиши керак”, — дейди мактаб раҳбари.

Унинг таъкидлашича, йилдан йилга мусобақа формати ҳам такомиллашиб бормоқда. Агар аввалги йилларда ўқувчилар топшириқларни қўлда бажарган бўлса, бугунги кунда тест жараёнлари рақамлаштирилиб, натижалар автоматик тарзда шакллантирилмоқда.