Ўзбекистоннинг 17 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоаси Осиё Кубоги финалига чиқолмади.
19 май куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида ўтказилган Японияга қарши яримфинал ўйини 28-дақиқасида Асилбек Алиев пенальтидан ҳисобни очди. Шундан сўнг, ўзбекистонликлар сўнгги сонияларгача ҳисобда олдинда борди, бироқ ғалабани ушлаб қололмади: Чимезикай томонидан урилган гол баҳсни пенальтилар сериясига ўтказди.
Пенальтилар сериясида рақибнинг қўли баланд келди - 3:2.
Энди Япония ўсмирлари 22 май куни финалда Хитой – Австралия ўйини ғолиби билан ўйнайди.
Эслатиб ўтамиз, гуруҳ босқичининг 1-турида ўзбекистонликлар Ҳиндистонни 3:0 ҳисобида енгиб, муддатидан олдин жаҳон чемпионати ва чоракфинал йўлланмасини қўлга киритган эди. Чунки гуруҳдаги яна бир рақиб КХДР чемпионатда иштирок этишдан бош тортди. 2-турда Австралия 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Чоракфиналда Жанубий Корея ортда қолдирилди (2:2, пен. 5:3).
U17 Жаҳон чемпионати шу йил ноябрь – декабрь ойларида Қатарда бўлиб ўтади.











