Nvidia асосчиси ва раҳбари Женсен Хуанг Қозоғистонга илк ташрифида мамлакатни робототехника ва жисмоний муҳит билан ишлайдиган СИ технологияларини (Physical AI) ривожлантириш бўйича глобал марказга айлантиришни таклиф қилди. Ташриф Қозоғистоннинг йирик ҳисоблаш қувватлари, дата-марказлар ва маҳаллий технологик компанияларга таянган янги иқтисодий стратегиясига эътиборни кучайтирди.
Astana Hub эфиридан кадрAstana Hub эфиридан кадр
Nvidia компанияси асосчиси ва бош директори Женсен Хуанг 23 октябр куни Остона шаҳрига келди. У Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт билан учрашди, мамлакатнинг сунъий интеллект соҳасидаги инфратузилмаси ва технологик экотизими билан танишди.
NVIDIA – АҚШнинг график процессорлар ва сунъий интеллект учун ҳисоблаш технологияларини ишлаб чиқарувчи йирик технологик компанияси. Унинг чиплари сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва ишлатиш, суперкомпютерлар ҳамда маълумотлар марказларини қуришда кенг қўлланади.
Остонадаги alem.ai халқаро сунъий интеллект марказида бош вазир ўринбосари – сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев билан ўтган очиқ суҳбат ташрифнинг асосий тадбирларидан бири бўлди ва YouTube'да жонли эфирга узатилди.
Хуанг Қозоғистоннинг энергетика ресурслари, муҳандислик салоҳияти ва сунъий интеллектни давлат сиёсати даражасига олиб чиққанини муҳим устунлик сифатида баҳолади. Унинг фикрича, мамлакат фақат энергия ресурсларини экспорт қилиш билан чекланмай, улардан фойдаланиб, сунъий интеллект соҳасидаги қимматли маҳсулотлар ва хизматларни ҳам ташқи бозорларга чиқариши мумкин.
“Келажакда фақат энергияни экспорт қилиш ўрнига, сиз энергияни интеллектга айлантириб, интеллектни экспорт қилишингиз мумкин”, – деди Nvidia раҳбари.
Сунъий интеллектни ривожлантириш учун катта ҳажмларда электр энергияси, маълумотлар ва ҳисоблаш қувватлари керак. Шу нуқтайи назардан, Женсен Хуангнинг фикрича, Қозоғистоннинг табиий ресурслари ва технологик кадрлар тайёрлаш имкониятлари мамлакатга халқаро рақобатда устунлик бериши мумкин.
Фото: Nvidia
Nvidia раҳбари Қозоғистонни Physical AI соҳасида ҳам халқаро марказга айлантириш имконияти борлигини қайд этди. Бу йўналиш сунъий интеллектнинг роботлар, автоном транспорт, ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа жисмоний тизимлар билан ишлашини қамраб олади.
Хуангнинг сўзларига кўра, Қозоғистонда тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика ва энергетика каби соҳаларнинг ривожлангани бундай технологияларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш учун имконият яратади.
Мавзуга оид
Маълумотлар – миллий хавфсизлик масаласи
Женсен Хуанг суверен сунъий интеллектнинг аҳамиятини ҳам таъкидлаб, мамлакатлар ўз маълумотлари устидан назоратни сақлаб қолиши ҳамда ўз тили, маданияти ва миллий эҳтиёжларига мос СИ тизимларини ишлатиш салоҳиятини ривожлантириши кераклигини айтди.
Қозоғистон ўзининг йирик тил моделларини ишлаб чиқишга сармоя киритиши керакми, деган саволга жавоб берар экан, Хуанг буни “миллий хавфсизлик масаласи” деб атади.
“Бу маълумотлар сизга тегишли. Худди табиий ресурсларингиз ўзингизга тегишли бўлгани каби. Жамиятингизга оид маълумотлар ҳам табиий ресурсларингизнинг бир қисмидир”, – деди у.
Хуанг қозоқ тилидаги СИ моделларини ишлаб чиқиш заруратига ҳам қўшилишини билдирди. Унинг айтишича, очиқ кодли технологиялар мамлакатга барча асосий технологияларни нолдан яратмасдан туриб, ўз миллий салоҳиятини шакллантириш имконини беради.
“Сизларда дастурчилар ва ишлаб чиқувчилар жуда кўп. Бу ерда малакали мутахассислар салоҳияти катта”, – дея қўшимча қилди Хуанг.
Nvidia асосчиси, шунингдек, тобора мустақил ишлайдиган СИ тизимлари махфий маълумотлар ва рақамли воситалардан фойдалана бошлаётган бир шароитда сунъий интеллектни масъулият билан ишлаб чиқиш ва жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
Тўқаев билан учрашув ва Остонанинг стратегияси
Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати
Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Женсен Хуанг ўртасидаги учрашувда СИ экотизимини ривожлантириш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Тўқаев Nvidia компаниясининг мамлакатдаги технологик компаниялар билан ҳамкорлигини, жумладан, генератив видео соҳасида ишлайдиган Higgsfield стартапи билан алоқаларини алоҳида қайд этди.
Хуанг эса сўнгги бир йил ичида Қозоғистон билан ҳамкорлик сезиларли даражада ривожланганини айтиб, Firebird AI KZ, Kazakhtelecom ва Higgsfield билан алоқаларни тилга олди.
Учрашув якунида Тўқаев Nvidia раҳбарини сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун I даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.
Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати
10 миллиард долларлик лойиҳалар
Қозоғистонда 2026 йил – Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили деб эълон қилинган. Июн ойида мамлакат ҳукумати, АҚШнинг Firebird ва Nvidia компаниялари иштирокида сунъий интеллект ҳамда рақамли инфратузилма бўйича умумий қиймати 10 миллиард доллар деб кўрсатилган келишувлар пакети эълон қилинган эди.
Ўша пайтда бош вазир Олжас Бектенов Nvidia вице-президенти Рев Лебаредян ва Firebird ҳаммуассислари билан учрашган. Келишувлар доирасида Қозоғистоннинг Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазирлиги ҳамда Firebird ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, Kazakhtelecom ва Firebird ўртасида Data Center Valley лойиҳасига оид ҳужжат имзоланган.
Женсен Хуанг alem.ai марказида / Фото: Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати
Асосий лойиҳалардан бири – Павлодар вилоятидаги Экибастуз шаҳрида қурилиши режалаштирилган Data Center Valley дата-марказлар мажмуаси. Лойиҳа катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш, сунъий интеллект моделларини ўқитиш ва булутли ҳисоблаш хизматларини ривожлантириш учун инфратузилма яратишни кўзда тутади. Ҳукумат маълумотига кўра, дастлаб 300 MW электр қуввати ажратилган бўлиб, кейинчалик мажмуани 1 GW'гача кенгайтириш режалаштирилган.
2026 йил июн ойидаги маълумотларга кўра, биринчи босқич учун 215 MW қувват тўлиқ банд қилинган. Лойиҳанинг биринчи объектини 2027 йилда ишга тушириш режалаштирилган.
Агар режалар амалга ошса, Қозоғистон катта ҳажмдаги сунъий интеллект ҳисоблаш қувватларини таклиф қилувчи мамлакатлардан бирига айланиши мумкин. Бироқ бунинг учун электр таъминоти, совитиш тизимлари, тармоқ инфратузилмаси, молиялаштириш ва ушбу қувватларга ҳақиқий талаб мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Нафақат дата-марказлар
Қозоғистоннинг стратегияси фақат дата-марказлар билан чекланмайди. 1 октябр куни президент Тўқаев Nvidia вице-президенти Рев Лебаредян билан учрашганида, мамлакатда Nvidia технологиялари асосида иккита суперкомпютер кластери ишга туширилганини қайд этиб ўтган эди.
Женсен Хуанг ташриф буюрган alem.ai марказидаги Alem.Cloud ҳисоблаш инфратузилмасида Nvidia H200 график процессорларидан фойдаланилади. Марказ томонидан қозоғистонликларга давлат ва бошқа хизматлардан табиий тилда фойдаланиш имконини беришга қаратилган alem.gpt сунъий интеллект ёрдамчиси ишлаб чиқилган.
Қозоғистоннинг яна бир мақсади – маҳаллий технологик компанияларни халқаро бозорга олиб чиқиш. Ташриф давомида Хуангга мамлакатда ишлаб чиқилаётган робототехника, автоном бошқарув, рақамли эгизаклар ва сунъий интеллект инфратузилмасига оид лойиҳалар тақдимот қилинган.
Жумладан, Freedom компанияси Олмаота ва Остона шаҳарларининг рақамли эгизакларини яратишга қаратилган City-Scale Physical AI лойиҳасини тақдим этди. Лойиҳа роботларни ҳақиқий шаҳар муҳитида ишлатишдан олдин виртуал муҳитда ўқитиш ва синовдан ўтказишга хизмат қилади.
alem.ai халқаро сунъий интеллект маркази / Фото: Остона шаҳар ҳокимлиги
Higgsfield: маҳаллий стартапдан халқаро технологик компаниягача
Женсен Хуанг генератив видеолар соҳасида ишлайдиган Higgsfield компанияси асосчилари билан ҳам учрашди.
Higgsfield – Қозоғистоннинг биринчи юникорни, яъни бозор қиймати 1 миллиард доллардан ошган илк хусусий технологик компанияси бўлиб, сунъий интеллект ёрдамида видео яратиш устида ишлайди. Расмий маълумотда платформа 40 миллион нафар уникал фойдаланувчига эгалиги айтилган.
Higgsfield ўзининг Soul моделларини ўқитиш ва Supercomputer 2.0 маҳсулотини ривожлантиришда Nvidia ҳисоблаш технологияларидан фойдаланади.
Бу ҳамкорликни қозоқ расмийлари алоҳида урғулайди: мамлакат фақат хорижий технологияларни харид қилувчи бозор бўлиб қолмасдан, халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган технологик компаниялар пайдо бўладиган муҳитни шакллантиришга интилмоқда.