Шерзод Асадов 2021 йил март ойидан буён президент матбуот котиби сифатида ишлаб келмоқда. Ўшанда давлат раҳбари бу тайинловни қуйидагича изоҳлаган эди:

“Кўп ўйлаб шу қарорга келдим. Бугун Шерзод Асадовни президентнинг матбуот котиби этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзоладим. Тилни билади, дунёни кўрган. У ҳам катта кураш майдонига киряпти. Шу фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиман, Шерзод Асадов давлат сиёсатининг ёритилишига масъул бўлади.

Унга жуда масъулиятли вазифа топшириляпти. Барча идораларнинг матбуот котибларини ўқитиш, малакасини ошириш керак. Солиштириш, холисона ёндашувни ўргатиш керак. Ҳар бир вазирлик матбуот хизматлари Асадовга бўйсунади ва ҳисобот беради. У барча идоралар, ҳокимликлар матбуот котиблари фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Аввалги давр билан солиштириш керак, ҳозирги адолатли сиёсатни халққа етказиш керак. Дунёда ахборот оламида кескин курашлар кетяпти. Буни тўғри англаб етиш керак”.

Шерзод Асадов 2015-2017 йилларда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга ёрдамчи бўлган, 2017 йилдан Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонасида иш бошлаб, 2018-2020 йилларда Ўзбекистоннинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган. 2020 йил мартидан 2021 йил мартигача Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган.