Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Шота Руставели кўчасида жойлашган собиқ «Тўқимачи» стадиони бузилаётгани акс этган видео муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz вазиятни ўрганди.

Стадион давлатга тегишли эмас

Кадастр агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, собиқ “Тўқимачи” стадиони Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига тегишли мулк ҳисобланади. Яккасарой тумани, “Дилбулоқ” МФЙ, Қушбеги кўчаси 5а-уй манзилида жойлашган ушбу ўйингоҳни ўз ичига олган, 35 753 кв.м ер майдони тегишли ҳужжатлар асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси таъсисчилигидаги “Яккасарой спорт соғломлаштириш мажмуаси” МЧЖ номига кадастр паспорти шакллантирилиб, ер майдони ва бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган.

Стадион ўрнида нима бўлади?

28 август куни ЎФА раҳбарияти «Тўқимачи» стадиони ўрнига бошқа объект қурилмаслигини, стадионнинг ўзи янгиланишини маълум қилди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг Kun.uz’га маълум қилишича, мазкур ҳудудда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат берилган.

“Ҳудудда 5 қаватли автотураргоҳ, 4 қаватли маиший хизмат кўрсатиш объекти, савдо мажмуалари, стадион ва томоша трибунаси, 2 қаватли ерости автотураргоҳи қурилиши кўзда тутилган. Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги кенгаш томонидан мазкур лойиҳа тасдиқланиб, инспекция рўйхатидан ўтган” дейилади қурилиш инспекциясининг Kun.uz’га берган маълумотида.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси масъулининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳудуддаги ишлар стадионни бузишни эмас, балки уни реконструкция қилиб, инфратузилмасини яхшилашни назарда тутади. Янгиланишдан кейин стадионда ўтказиладиган спорт мусобақалари вақтида меҳмонлар ва томошабинлар учун қулай шароитлар яратилади.