Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Мисрдаги АЭС қурилишида хавфсизлик ва муҳандислик қоидаларини бузганликда айбланяпти. Бу ҳақда Politico хабар берди.
Жорий йил 4 июн куни «Росатом» раҳбарларидан бирига йўлланган махфий мактубда Миср Атом электр станциялари бошқармаси «Эл-Дабаа» АЭС қурилишидаги қатор қоидабузарликларни санаб ўтган. Хусусан, бир нечта реактор блокларида «нуқсонлар» борлиги ва «ядро хавфсизлиги маданияти» талаблари бузилгани таъкидланган. Мактубда шунингдек, лойиҳа бўйича масъул шахслардан бирининг «қасддан бепарволиги» ҳам танқид қилинган.
Илгари ҳеч қачон оммага эълон қилинмаган ҳужжатлар тўплами махсус хизмат ходими томонидан анонимлик шарти билан ОАВга тақдим этилган. Ҳужжатлар орасида қурилишдаги кечикишлар ва муҳандислик муаммоларини тасдиқловчи «Росатом»нинг ички корпоратив аудит хулосалари ҳам бор.
Жиддий нуқсонлар ва «кўзбўямачилик»
«Эл-Дабаа» мажмуаси тўлиқ ишга тушгач, Россия лойиҳаси асосида қурилган тўртта атом реакторидан иборат бўлади. Бироқ Миср расмийлари томонидан «Росатом»га юборилган мактубда реактор блокларида қатор камчиликлар борлиги қайд этилган.
Хусусан, 1-, 2- ва 3-энергоблоклар пойдевор плиталаридаги нуқсонларни бартараф этиш учун бир йил вақт сарфланган, 4-блок бетонида эса бўшлиқлар аниқланган. Шунингдек, Миср томони «Росатом»ни қурилишнинг ярмидан кўпи якунланганини кўрсатиш мақсадида «чалғитувчи усуллар» ва «сохта ишлар» қилишда айблаган. Аслида эса атом станциясининг асосий бинолари ҳалигача ер ости қурилиш босқичида экани айтиляпти.
Шунингдек, Миср идораси даъвосига кўра, «Росатом»да иш жойидаги тартиб ва касбий маданият ҳам талаб даражасида эмас. Ходимларда тақиқланган алкоголли ичимликлар аниқланган, улар сохта рухсатномалардан фойдаланган, қурилиш майдончасида олинган сурат ва видеоларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирган. Яна бир ҳолатда эса ишчилардан бири «оғир очиқ синиш жароҳати» олгани, бироқ у махсус жиҳозланган тез ёрдам машинасида эмас, балки хусусий автомобилда олиб кетилгани айтилади. Бу ҳолат «ишдаги ҳодисани қасддан яшириш» ҳамда «меҳнат хавфсизлиги қоидаларининг қўпол бузилиши» дея баҳоланган.
Politico ўрганган «Росатом»нинг яна тўртта ички ҳужжати ҳам Миср регулятори билдирган хавотирларнинг айрим жиҳатларини тасдиқлайди. Уларда қурилишдаги кечикишлар, ишлар сифати билан боғлиқ муаммолар ва лойиҳа бошқарувидаги камчиликлар баён қилинган.
















