Тошкентда Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов оғир йўл-транспорт ҳодисасига учради. Фуқарога бошқа давлатдаги машинасини вақтинча олиб келишга рухсат берилади. Божсиз нормадан ортиқ қийматда товар олиб кириш арзонлашади. 10 минг долларгача нақд валютани декларациясиз олиб чиқиш мумкин бўлади. Андижондаги «Ғамхўрлик» марказида ногиронлиги бўлган болалар калтакланди. Куннинг муҳим янгиликлари билан таништирамиз.

Биринчи президент хотираси ёд этилди

Тошкентда 2 сентябрь куни Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида биринчи президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Маросимда Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Ислом Каримовнинг мамлакат мустақиллиги, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтириш йўлидаги хизматлари ёдга олинди.

Олий Мажлис палаталари, Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар вакиллари, зиёлилар ва Тошкент шаҳри жамоатчилиги ҳам биринчи президент ҳайкали пойига гуллар қўйди. Хотира тадбирлари Самарқанд ва Қарши шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.


Зафаробод тумани ҳокими «авария»га учради

30 август куни Жиззах вилояти, Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов KIA Seltos русумли хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учради. Ҳоким бошқарувидаги автомобил “МАЗ” русумли, 10 Э 136 СА давлат рақам белгили юк машинасига урилгани маълум бўлди.

Манбага кўра, тан жароҳатлари олган ота-бола дастлаб Зафаробод туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Аммо уларнинг аҳволи оғир бўлгани боис тез ёрдам машинасида Республика шошилинч ёрдам илмий марказининг Жиззах шаҳридаги филиалига олиб кетилган.

Ғайратжон Эшпўлатовга икки томонлама ўпка тўқимаси лат ейиши, ўнг сон суяги юкори учлигидан ёпиқ синиб силжиши, чап катта болдир суяги юқори учлигидан бўғим ичи бўйлаб ёпиқ синиши, сидирилган жароҳатлар ва мия комаси ташхиси қўйилган.

Ҳоким билан бирга унинг автомобил ичида бўлган ўғли ҳам турли даражада тан жароҳатлари олган.
Дастлабки маълумотда автомобил рулида ҳокимнинг ўғли бўлгани айтилганди. Аммо туман ҳокимлиги баёнотида рул бошқарувида туман ҳокимининг ўзи бўлгани айтилган.

Ҳолат юзасидан Зафаробод туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Маълумот учун, Ғайратжон Эшпўлатов 2024 йил 5 мартидан бери Зафаробод тумани ҳокими лавозимини эгаллаб келмоқда. У бунга қадар Пахтакор тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги бўйича ўринбосари бўлган.


Фуқарога бошқа давлатдаги машинасини вақтинча олиб келишга рухсат берилади

Фуқаронинг хорижий давлатда рўйхатдан ўтказилган транспорт воситасини нотижорат мақсадда Ўзбекистонга вақтинча олиб кириши мумкин бўлади. Бунинг учун божхона тўлови ундирилади.

27 август куни имзоланган президент фармони билан, 2027 йил декабр ойига қадар бу ҳақдаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқиладиган бўлди.

Бундан ташқари, 2027 йил июн ойига қадар жисмоний шахс учун божхона органлари томонидан қўлланган жарима солиш ҳақидаги қарор билан танишиш, жаримани имтиёзли тўлаш муддатидан хабардор бўлиш, улар юзасидан тўловни амалга ошириш жараёни «Customs fine» мобил иловаси орқали рақамлаштирилади.


Божсиз нормадан ортиқ қийматда товар олиб кириш арзонлашади

2027 йил 1 январдан эътиборан жисмоний шахс томонидан нотижорат мақсадда хориждан олиб кириладиган товарга нисбатан ягона божхона тўлови пасайтирилади. Ҳозир бу тўлов товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограмм учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади.

27 август куни имзоланган президент қарорига кўра, 2027 йил 1 январдан эътиборан ягона божхона тўлови ставкаси пасайтирилиб, товарнинг божхона қийматидан 20 фоиз, лекин ҳар бир килограмми учун 2 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.

Бундан ташқари, 2027 йил 1 июндан эътиборан жисмоний шахс нотижорат мақсадда олиб кирадиган товарлар бўйича ягона божхона тўлови тўланиши лозим бўлган божхона йиғимларидан кам бўлса, ушбу йиғимлар ундирилмайди.


10 минг долларгача нақд валютани декларациясиз олиб чиқиш мумкин бўлади

Жисмоний шахс томонидан нақд валютани республика ҳудудидан олиб чиқиш меъёри 10 минг доллар эквивалентида белгиланади. Фақат шу миқдордан ошгандагина декларациялаш талаб этилади. 27 август куни имзоланган президент фармонига биноан, йил охиригача бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак.

Маълумот учун, амалдаги меъёр 100 млн сўм эквивалентини ташкил этади. 2020 йил 1 сентябргача бу меъёр 2 минг доллар эквивалентига тенг эди.

Андижондаги «Ғамхўрлик» марказида ногиронлиги бўлган болалар калтакланди

Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги ногиронлиги бўлган болалар учун «Ғамхўрлик» марказида тарбияланувчиларга жисмоний зўравонлик қилинган ва столга боғлаб қўйилган. Kun.uz'га келиб тушган видеоларда ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан аёвсиз муносабат қилингани, калтаклангани акс этган.

Тарбиячилар қўлида калтак билан болаларни назорат қилган. Эркак ходим болалардан бирини улоқтириб юборгани кўринади. Видеолардан бирида бола тарбиячининг елкаларини уқалаётгани ҳам кўринади. Болалар мажбуран боғлаб қўйилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳолатни тасдиқлади ва расмий муносабат билдирди. Агентликнинг ҳудудий бошқармаси ўтказган ўрганиш натижаларига кўра, видеоларда акс этган 6 нафар тарбиячи ва 1 нафар ҳамшира эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. Муносабатда болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материаллар юборилгани ёки жиноят аломатлари бўйича текширув бошлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.