31 августдан 1 сентябрга қадар Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25 йиллигига бағишланган юбилей саммити ўтказилди. Ўзбекистон президенти ўз нутқида кескинликларни юмшатиш муҳимлигига урғу берган ҳолда, Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожи алоҳида ташвиш уйғотаётганини таъкидлаб ўтди. Ҳиндистон бош вазири дунёдаги қуролли тўқнашувлар, хусусан, Россия-Украина урушини зудлик билан тўхтатиш бўйича тўғридан-тўғри ва қатъий чақириқ билан чиқди. «Урушнинг ҳар бир куни инсониятни орқага тортяпти. Ҳарбий ҳаракатларни тугатишга ўтиш керак», деди Моди Путинга.

Қирғизистон пойтахти Бишкекда 31 август — 1 сентябр кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 25-саммити бўлиб ўтди. Саммитда ташкилотга аъзо барча давлатлар етакчилари иштирок этди. Улар янги хавфсизлик марказларини яратиш, гиёҳванд моддаларга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш, рақамлаштириш, экология ва логистика масалаларини муҳокама қилди.

«Иқтисодий соҳа ШҲТ самарадорлигининг бош кўрсаткичи» — Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқида кескинликларни юмшатиш муҳимлигига урғу берган ҳолда, айниқса Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожи алоҳида ташвиш уйғотаётганини таъкидлаб ўтди.

«Учрашувимиз геосиёсий бўлиниш, ишонч тақчиллиги ортиб бораётган, можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқ емирилаётган бир даврда ўтмоқда. Яқин Шарқдаги вазиятнинг ривожи алоҳида ташвиш уйғотмоқда. Биз минтақада мулоқотни қайта тиклаш ва кескинликни юмшатишнинг қатъий тарафдоримиз», деди Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев «ШҲТ—2040: умумий тараққиёт макони» концептуал қарашини ишлаб чиқишга киришиш таклифи билан чиқди.

«Унинг асосий мақсади инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ва саноат лойиҳалари амалга ошириладиган, минтақалар, бизнес ва одамлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар кенгайиб борадиган ўзаро боғлиқ ва барқарор маконни шакллантиришдан иборат бўлиши лозим. Иқтисодий соҳа ШҲТ самарадорлигининг муҳим устувор йўналиши ва бош кўрсаткичи ҳисобланади», деди Ўзбекистон раҳбари.

«Куч ишлатиш ва таҳдид маданияти ўтмишда қолиши керак» — Тўқаев

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ўз сўзини дунёда куч ишлатиш мафкурасидан воз кечиш ва халқаро ҳуқуқ устуворлигини тиклаш зарурлигини таъкидлашдан бошлади. У геосиёсий рақобат ўрнини ўзаро масъулият эгаллаши кераклигига урғу берди.

«Биз геосиёсий рақобат ва санкциялар ўрнини ўзаро масъулият ҳамда узоқ муддатли стратегик шериклик эгаллайдиган мутлақо янги, адолатли халқаро муносабатлар тизимини шакллантиришимиз зарур. Куч ишлатиш ва таҳдид маданияти ўтмишда қолиши керак», деди у.

Экологик барқарорлик, хусусан, сув ресурсларининг етишмовчилиги масаласи ҳам Қозоғистон раҳбарининг нутқида марказий ўринлардан бирини эгаллади. Тўқаев ШҲТ доирасида чекланиб қолмасдан, бутун дунё учун муҳим бўлган универсал тузилма ташкил этиш ташаббуси билан чиқди.

«Сув тақчиллиги ва иқлим ўзгариши энди шунчаки экологик муаммо эмас, бу — глобал хавфсизликка тўғридан-тўғри таҳдиддир. Шунинг учун Қозоғистон БМТ шафелигида сув ресурсларини бошқаришни мувофиқлаштирувчи кенг ваколатларга эга универсал Халқаро сув ташкилотини тузишни таклиф этади. Минтақавий даражада эса ШҲТ Сув муаммоларини таҳлил қилиш марказини ишга туширишимиз лозим», деди у.

 «ШҲТ — дунёнинг мустақил ҳамда нуфузли марказларидан бирига айланди» — Путин

Россия президенти Владимир Путин ШҲТ кўп қутбли дунёнинг мустақил марказларидан бирига айланганига эътибор қаратди.  

«Чорак аср давомида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳақиқатан ҳам катта йўлни босиб ўтди. 2001 йилда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган ШҲТ кучайиб, ривожланди ва шаклланаётган кўп қутбли дунёнинг мустақил ҳамда нуфузли марказларидан бирига айланди», — деди Путин.

Россия президенти нутқининг катта қисмини иқтисодий ривожланишга бағишланди. Унинг айтишича, Россиянинг ШҲТ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 2025 йилда 400 миллиард доллардан ошган, ўзаро ҳисоб-китобларида миллий валюталар улуши эса 98 фоиздан юқори.

Путин, шунингдек, ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этишни қўллаб-қувватлади. Унинг таъкидлашича, банк сиёсий восита сифатида иқтисодий инструментлардан фойдаланадиган давлатларнинг молиявий тизимларига имкон қадар камроқ боғлиқ бўлиши керак.

«Барча давлатлар тенг бўлиши керак» — Си Жинпинг

Хитой раҳбари Си Жинпинг ўз нутқида дунёдаги сиёсий инқирозлар ва адолатсизликларни тилга олар экан, «Глобал Жануб» мамлакатларининг халқаро майдондаги овозини кучайтириш зарурлигини таъкидлади. У ШҲТни янги адолатли дунё тартиботининг меъморига айлантириш ташаббуси билан чиқди.

«Замонавий дунё туб бурилиш даврини бошдан кечирмоқда ва биз геосиёсий ўйинлар гирдобига тушиб қолмаслигимиз керак. ШҲТ халқаро институтларни ислоҳ қилишда фаол ва ҳаракатлантирувчи кучга айланиши, тараққиёт йўлидаги давлатларнинг, айниқса, «Глобал Жануб»нинг овозини баландроқ янгратиши шарт. Биз барча глобал инқирозларни, хусусан, Украина ва Яқин Шарқдаги можароларни фақат адолатли мулоқот орқали ҳал этиш тарафдоримиз», деди Хитой раҳбари.

Шунингдек, Си Жинпинг расмий Пекин долларга қарамликни камайтириш ва ШҲТ доирасида мустақил молиявий архитектурани яратишни мақсад қилганини таъкидлаб ўтди.

«Биз ташкилотимизнинг молиявий суверенитетини таъминлашимиз шарт. ШҲТ доирасида миллий валюталардаги ҳисоб-китобларни кескин кенгайтириш, суверен рақамли валюталар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ва ниҳоят ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш вақти келди», деди у.

Ушбу мақсадлар учун Хитой яқин уч йилда ШҲТ Банклараро консорциумига 10 миллиард юан кредит линияси ажратишини ва жорий йилнинг ўзида аъзо давлатларга 2 миллиард юан миқдорида беғараз ёрдам кўрсатишини маълум қилди.  

Шунингдек, Хитой раҳбари Транскаспий йўналиши ва «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темирйўли инфратузилмасини молиялаштиришга тайёрлигини билдирди.

«Урушнинг ҳар бир куни инсониятни орқага тортяпти» — Моди

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди саммит майдонидан дунёдаги қуролли тўқнашувлар, хусусан, Россия-Украина урушини зудлик билан тўхтатиш бўйича тўғридан-тўғри ва қатъий чақириқ йўллаш учун фойдаланди.

«Уруш давом этаётган ҳар бир кун инсониятни бир қадам орқага тортяпти. Чексиз урушлар давридан урушни тўлиқ тугатиш даврига ўтиш вақти келди. Ҳиндистон ҳар қандай инқирозни фақат мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш тарафдори», деди Моди.

Ҳиндистон бош вазири ҳарбий можаролар сабабли глобал логистика занжирлари узилгани, энергия хавфсизлиги хавф остида қолгани ва бундан энг кўп «Глобал Жануб» мамлакатлари жабр кўраётганини алоҳида қайд этди.

 «Энг оғир пайтларда ҳам мулоқотни тўхтатмаслик керак»Жапаров

Қирғизистон президенти Садир Жапаров халқаро муносабатларда геосиёсий қарама-қаршиликлар ва бўлинишлар кучайиб бораётганига урғу бериб, давлатлар ўртасидаги қарашлар тафовути мулоқотни тўхтатишга сабаб бўлмаслиги кераклигини айтиб ўтди.

«Адолатли дунё тартиботи барча давлатларнинг бир хил фикрлашини талаб қилмайди. У мутлақо бошқа нарсани талаб қилади: бир-биримизнинг танловимизни ҳурмат қилиш, зиммамизга олинган мажбуриятларни бажариш ва ҳатто энг оғир пайтларда ҳам мулоқотни тўхтатмаслик керак», деди у.

Шунингдек, Жапаров низоларни ҳарбий босқичга етмасдан олдин бартараф этиш бўйича превентив дипломатияни кучайтиришга чақирди.

«Биз сиёсий келишмовчиликлар инқирозга, инқироз эса қуролли тўқнашувга айланмасидан олдин ҳаракат қилишни ўрганишимиз шарт. ШҲТ хавфсизлик соҳасида яхлит ва бўлинмас тизимни шакллантириши лозим», деди у.