Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда қурилиш ташкилоти марказий канализация қувурини узиб юборди
Ҳолат пойтахтнинг Яккасарой туманида содир бўлди. “Better Best” қурилиш фирмаси кўп қаватли уй қурилишида белгиланган шарт асосида марказий канализация қувурини кўчирмасдан котлован қазиган. Оқибатда тупроқ ўпирилиб, канализация қувури узилиб кетган. “Ўзсувтаъминот” АЖ вакили 10-12 соатда ҳолат бартараф қилинишини билдирди.
Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида марказий канализация қувурига шикаст етди. Kun.uz мухбири ҳодиса жойидан хабар берди.
Маълум бўлишича, пойтахтнинг Шота Руставели кўчасидаги объектда “Better Best” қурилиш фирмаси қурувчилари марказий канализация қувурига жиддий шикаст етказган. Шаҳарнинг 3 та туманидан келадиган оқова сувлар ушбу узилиб кетган қувур орқали “Салар” сув тозалаш иншоотига қуйиладиган бўлган.
“Ўзсувтаъминот” АЖ матбуот хизмати Kun.uz’га ҳолат юзасидан маълумот берди.
“Дастлабки ўрганишларга кўра, қувурга жуда яқин жойдан котлован қазилган. Аслида, бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай шарт бўйича қувур кўчирилмаган. Яъни, дастлаб қувурни кўчириб, кейин котлован қазилиши керак бўлган.
Тупроқнинг ўпирилиши оқибатида қувур ҳам узилиб кетган. Ҳозирда катта ҳажмдаги қувурдан оқова сувлари чиқяпти. Буни бартараф этиш бўйича чоралар кўрилди. Ҳозирда қўшимча кучлар жалб этилган”, дейди жамият вакили.

Унинг қўшимча қилишича, ҳолатни узоғи билан 10-12 соатда бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Ҳодиса оқибатида жароҳат олганлар йўқ.