Тошкент шаҳрида фуқаролардан йирик миқдордаги маблағларни товламачилик йўли билан ундирганликда гумонланган шахс қўлга олинди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига кўра, икки фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиб, улардан бири ўзини Иззат деб таништирган шахс ундан қўрқитиш ва зўравонлик орқали жами 70 минг доллар олганини, иккинчиси эса бизнесга мажбуран шерик қилингани, автомобил сотиб олишга ҳамда 38 минг доллар беришга мажбур бўлганини айтиб берган.

Терговга қадар текширув давомида яна бир аёл ҳам мурожаат қилиб, шахсий суратларини тарқатиш билан қўрқитилганини ва жинсий алоқага мажбурланганини билдирган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи 1988 йилда туғилган Исоқ исмли, «Иззат Назарбек» лақаби билан танилган шахс экани аниқланиб, Учтепа туманидаги спорт залида қўлга олинган. Унинг ёнидан икки дона «Байкал» русумли тўппонча, ўқ-дорилар, пичоқлар ва тўппонча ғилофи топилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 121-моддаси 4-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.