Тошкент шаҳрида яшовчи ака-ука коттеж савдоси ортидан товламачилик қилгани аниқланиб, жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган шахс ҳамда унинг 1988 йилда туғилган укаси ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқаро томонидан Тошкент туманида қурилган коттеж уйни 66 минг долларга сотиб олишга келишган.
Дастлаб улар уй эгасига 30 минг доллар бериб, қолган 36 минг долларни 6 ой муддат ичида беришларини айтган ҳамда 2022 йилнинг май ойида коттежни 1976 йилда туғилган ўз акаси номига нотариал тартибда расмийлаштириб олишган. Аммо кейинчалик ака-ука қолган 36 минг долларни бермасликларини айтиб, агарда пулни сўраса, фуқарога нисбатан тазйиқ ўтказиш билан қўрқитган.
ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ва пойтахт ИИББ ходимлари томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида ака-ука қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 3-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Унда айбдор шахсларга нисбатан 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.







