Henley Passport Index маълумотларига асосланган янги рейтингда дунёнинг энг кучли паспортлари аниқланди. Рейтинг мамлакат фуқаролари визани олдиндан расмийлаштирмасдан ташриф буюриши мумкин бўлган давлат ва ҳудудлар сонига қараб тузилади.

Маълумотларга кўра, 2026 йилда Сингапур паспорти энг юқори ўринни эгаллади. Агар 2016 йилда ушбу мамлакат фуқаролари 173 та йўналишга визасиз сафар қила олган бўлса, 2026 йилга келиб бу кўрсаткич 192 тага етган.

Иккинчи ўринни Япония, Жанубий Корея ва Бирлашган Араб Амирликлари бўлишиб олди. Ушбу мамлакатлар паспортлари эгалари 188 та давлат ва ҳудудга визасиз кириш имкониятига эга.

Рейтинг сўнгги ўн йил ичида халқаро саёҳатлар соҳасида Осиё мамлакатларининг таъсири сезиларли даражада кучайганини кўрсатади. 2026 йилда жаҳон рейтингидаги дастлабки тўрт ўрин айнан Осиё давлатларига насиб этган.

Энг катта ўсишлардан бири Бирлашган Араб Амирликларида кузатилди. Henley & Partners маълумотларига кўра, сўнгги йигирма йил ичида мамлакат визасиз кириш мумкин бўлган йўналишлар сонини 153 тага ошириб, жами 188 тага етказган. Бу дипломатик алоқаларни кенгайтириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва иқтисодий тараққиёт билан изоҳланмоқда.

Европа давлатлари ҳам рейтингда юқори ўринларни сақлаб қолган. Норвегия 186 та визасиз йўналиш билан бешинчи, Швейцария эса 185 та йўналиш билан олтинчи ўринни эгаллаган. Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Буюк Британия паспортлари ўртача 184 та давлат ва ҳудудга визасиз кириш имконини беради.

Шимолий Америка мамлакатлари ҳам 2016 йилга нисбатан визасиз сафар қилиш имкониятларини кенгайтирган. Ҳозирда Канада паспорти эгалари 183 та, АҚШ фуқаролари эса 180 та давлат ва ҳудудга визасиз ташриф буюриши мумкин. Бироқ бошқа давлатлар тезроқ суръатда ўсгани сабабли уларнинг жаҳон рейтингидаги ўрни бироз пасайган.