Куба 2026-2027 ўқув йилини белгиланган муддатда бошлашга тайёргарлик кўрмоқда. Аммо мамлакатдаги ёқилғи, электр энергияси, транспорт ва зарур маҳсулотлар танқислиги мактабларни ҳам оғир шароитда қолдирган, дея ёзади Reuters.

Куба таълим вазири Наима Трухильо мамлакатдаги вазият мураккаблигича қолаётганини билдирган. Унинг таъкидлашича, умуман янги ўқув йилини бошлашнинг ўзи бу шароитда катта натижа ҳисобланади.

Ўқитувчилар нега мактабларни тарк этмоқда?

Кубада педагоглар танқислигига асосий сабаблардан бири иш ҳақининг пастлиги ва мамлакатдаги иқтисодий қийинчиликлар. Инфляция шароитида ўқитувчиларнинг даромади кундалик эҳтиёжларни қоплашда етарли бўлмай қолгани сабабли уларнинг бир қисми яхшироқ ҳақ тўланадиган бошқа ишга ўтган, яна бир қисми эса мамлакатни тарк этган.

Бу муаммо янги эмас: тадқиқотлар Кубада ўқитувчиларнинг бошқа соҳаларга кетиши 1990-йиллардан бери давом этаётгани ва бу педагоглар танқислигини узоқ муддатли муаммога айлантирганини кўрсатади.

Янги ўқув йилида бу бўшлиқни тўлдириш учун университет талабалари, бошқа соҳалар мутахассислари ва нафақадаги ўқитувчилар дарсларга жалб қилинади. Қўшимча юклама оладиган педагоглар учун қўшимча ҳақ тўлаш режалаштирилган.

Мамлакат пойтахти Гаванада вазият анча кескин. У ерда ўқитувчилар етишмаслигини қисман қоплаш учун мамлакатнинг шарқий ҳудудларидан қарийб 3 минг нафар педагог юборилади.

Ўқувчиларга мактаб формаси ҳам етишмаяпти

Муаммо фақат кадрлар масаласи билан чекланмайди. Кубада электр энергияси узилиши ва ишлаб чиқаришдаги қийинчиликлар мактаб формалари таъминотига ҳам таъсир қилган. Расмий маълумотларга кўра, бошланғич синф ўқувчилари учун зарур мактаб формаларининг атиги 12 фоизи ишлаб чиқарилган.

Шу сабаб Таълим вазирлиги мактабларни кийиниш масаласида мослашувчан бўлишга чақирди. Ўқувчилар мактаб формаси ўрнига қулай кийимда, анъанавий қизил галстуклари билан дарсга келишлари мумкин.

Электр ва транспорт муаммоси ҳам мактабларга таъсир қилмоқда

Кубадаги энергетик инқироз таълим жараёнига бевосита таъсир кўрсатмоқда. Ўтган ўқув йилида ҳам электр энергияси ва транспорт билан боғлиқ муаммолар туфайли ўқувчилар таътилга режадан олдин чиқарилган эди.