Фронт чизиғидаги вазият юзасидан “Геосиёсат” дастури таҳлилчилари шарҳи.

Абдували Сойибназаров: Фронтдаги вазиятни баҳолайдиган бўлсак, ҳозирча кенг кўламли ўзгаришлар кузатилмаяпти. Ҳарбий ҳаракатлар асосан позицион жанглар шаклида давом этмоқда. Хусусан, Запорижжя ва Херсон йўналишларида фронт чизиғи деярли ўзгармаган. Россия оммавий ахборот воситаларида вақти-вақти билан айрим кичик аҳоли пунктлари эгаллангани ҳақида хабарлар берилмоқда, бироқ бу фронтдаги умумий вазиятни тубдан ўзгартирадиган даражадаги силжишлар эмас.

Энг шиддатли жанглар Донбассда, айниқса Донецк вилоятида давом этяпти. Ҳозирги вақтда асосий эътибор Константиновка, Дружковка, шунингдек, Краматорск ва Словянск йўналишларига қаратилган. Турли манбаларда Россия қўшинлари ушбу йирик агломерацияларга тобора яқинлашаётгани ҳақида хабарлар бор. Худди шундай, Украина қўшинлари Днепропетровск йўналишида қарийб 300 квадрат километр ҳудудни назоратга олгани ҳақидаги даъволар ҳам эҳтиёткорлик билан баҳоланиши керак.

Бошқа йўналишларда ҳам вазият сезиларли ўзгармаган. Ҳаркив ва Суми вилоятларида позицион жанглар давом этмоқда. Шу билан бирга, фронт чизиғидан узоқроқ ҳудудларда Россия узоқ масофали зарбаларни кучайтирган. Хусусан, Николаев ва Одесса вилоятларига “Геран-2” дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан мунтазам ҳужумлар уюштирилмоқда. Сўнгги пайтларда Россия “Бандерол” қанотли ракеталаридан ҳам фаол фойдаланаётгани кузатилмоқда. Бу ҳужумлар, аввало, Одесса вилоятидаги порт инфратузилмасига қаратилган. Черноморск, Южний, Измаил ва бошқа портлар мунтазам нишонга олинаётгани сабабли денгиз қатнови сезиларли даражада қисқарган, айрим йўналишларда эса деярли тўхтаб қолган.

Натижада Украина портлари фаолияти жиддий чекланиб, хорижий юк кемалари хавфсизлик нуқтайи назаридан кўпинча Руминия портларига йўналишни афзал кўрмоқда. Бироқ бу вазиятни фақат Россия ташаббусни қўлга олгани сифатида талқин қилиш ҳам тўғри бўлмайди. Украина ҳам фронт ортидаги Россия ҳарбий ва логистика объектларига узоқ масофали зарбалар беришда давом этмоқда ҳамда айрим йўналишларда муваффақиятли операцияларни амалга оширмоқда.

Шуҳрат Расул: Дружковкада кенг кўламли жанглар бошланиши учун, аввало, Россия қўшинлари Константиновкани тўлиқ назоратга олиши керак. Тахминан уч ҳафта аввал Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов президент Владимир Путинга Константиновка эгаллангани ҳақида ҳисобот берган эди. Бу аввалроқ Купянск бир неча бор “эгаллангани” ҳақида берилган, аммо кейинчалик тасдиғини топмаган баёнотларни эслатади.