Трампнинг таъкидлашича, АҚШ босими кучайиб борса, Теҳрон раҳбарияти охир-оқибат қаршиликни давом эттира олмаслигини тан олади.
«Биз уларга бутун кучимиз билан зарба берамиз. Оқибатда Теҳрон раҳбарияти: “Биз энди бунга чидай олмаймиз”, дейди», — деди АҚШ президенти.
The Wall Street Journal нашри манбаларига таяниб хабар беришича, Трамп Эронни қурол ташлашга мажбур қилиш мақсадида янги ҳужумлар тайёрлаш бўйича кўрсатма берган. Манбаларга кўра, операция шу дам олиш кунлари бошланиши мумкин. Бироқ дипломатик музокараларда ижобий силжиш кузатилса, президент ҳужумларни бекор қилиши ёки қарорини ўзгартириши ҳам эҳтимолдан холи эмас.
CBS News маълумотига кўра, АҚШ ва Исроил Эроннинг энергетика инфратузилмасига қарши қўшма зарбалар бериш имкониятини муҳокама қилмоқда. Эҳтимолий нишонлар сифатида нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда электр станциялари кўрилмоқда. Телеканалнинг таъкидлашича, Трамп ҳозирча операцияни амалга ошириш бўйича якуний рухсат бермаган.
Аввалроқ, июл ойида АҚШ Эрон ҳудудидаги ҳарбий объектларга бир неча марта ҳаво зарбалари берган эди. Вашингтон бу ҳаракатларни Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Ҳўрмуз бўғозидаги халқаро кемаларга таҳдид солиш имкониятларини чеклаш билан изоҳлаган. Эрон эса қўшни давлатлардаги АҚШ ҳарбий базалари нишонга олинганини билдириб, қарши ҳужумлар уюштирган.
The New York Times маълумотига кўра, 24 июл куни Трамп юқори мартабали маслаҳатчилари билан учрашувдан сўнг Эронга қарши кенг кўламли янги ҳужумларни вақтинча кечиктиришга қарор қилган. Нашр бу қарорга ҳаво мудофааси учун Patriot мажмуалари ракеталари захираси камайиши, шунингдек, эҳтимолий жаҳон энергетика ва иқтисодий инқирози хавфи таъсир кўрсатганини ёзган.
Шунга қарамай, 30 июл куни АҚШ ҳарбийлари минтақадаги америкалик ҳарбийларга ракета ҳужуми уюштиришга уринишга жавоб сифатида Эрондаги айрим нишонларга яна зарба берилганини маълум қилди.











