Ушбу хабар дастлаб мудофаа соҳасига ихтисослашган Defence Security Asia порталида пайдо бўлди. Нашрнинг даъво қилишича, "2025 йил 2 июлда дастлабки иккита J-10CE самолёти Тошкентга етиб келгани факт".
Манбада айтилишича, Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-лейтенант Шуҳрат Холмуҳаммедов «жами 24 та самолётга шартнома тузилгани, етказиб бериш босқичма-босқич амалга оширилиши ва ўзбек учувчилари Хитойда қайта тайёргарликдан ўтаётгани» ҳақида маълум қилган.

Янги «тўртта самолёт» ҳақидаги хабар эса ҳозирча фақат хитой тилидаги ижтимоий тармоқ аккаунтлари ва ҳарбий кузатувчиларнинг постларида учрайди. Мудофаа соҳасига ихтисослашган нашрлар, хусусан Meta-Defense бундай хабарларга эҳтиёткорлик билан ёндашишга чақирмоқда. Чунки завод ҳудудида суратга олинган самолёт ҳали армия хизматига қабул қилинган техника, дегани эмас.
Kun.uz мухбири билан гаплашган Ўзбекистон мудофаа вазирлиги расмийлари ҳам бу масала бўйича «ҳеч қандай маълумот йўқ»лигини айтиш билан чекланди.
J-10CE қандай самолёт?
Таҳлилчиларга кўра, техник жиҳатдан бу қирувчи самолёт Ўзбекистон армиясини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Бир ўринли Chengdu J-10CE – 4,5 авлод қирувчи самолёти бўлиб, 2 Max – 2300 км/соат тезликка чиқа олади. У фаол фазали антеннага эга радар (AESA) билан жиҳозланган бўлиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта нишонни кузатиш ва уларга зарба бериш имконини беради. Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучларида фойдаланаётган, советлардан қолган МиГ-29 ва Су-27 самолётларидаги эски радарлар бунга қодир эмас.
Хитой қирувчисининг асосий қуроли — PL-15E ракетаси 100 километрдан ортиқ масофада нишонларга мўлжалга олади. Қирувчида 11 та осма нуқта (hardpoints) — қурол ва ускуналар илинадиган тугунлар бор. Уларга ҳаво-ҳаво, ҳаво-ер ва ҳаво-кема типидаги қуролларни илиш мумкин. Бу эса самолётга турли нишонларига зарба беришда универсаллик беради.


















