Хитойнинг UBTech Robotics компанияси глобал тақдимотда оммавий ишлаб чиқариш ва кундалик фойдаланишга мўлжалланган, дунёдаги илк тўлиқ ўлчамли ултрабионик андроидлар серияси бўлган UWORLD U1 одамсимон роботини намойиш этди.
Тақдимотда компания асосчиси ва бош директори Чжоу Цзян «инсон ва робот симбиози» стратегиясини тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, келажак роботлари нафақат хавфли ишларни бажарибгина қолмай, балки одамларнинг ҳиссий фаровонлигини қўллаб-қувватловчи тўлақонли ҳамроҳларга айланиши керак.
Янги туркум учта моделни ўз ичига олади:
U1 Lite (ярим гавдали)
U1 Pro (юқори унумдорликка эга тўлиқ гавдали)
U1 Ultra (юқори динамикага эга флагман версия)

Роботлар эркак (бўйи ≈183 см, вазни ≈42 кг) ва аёл (≈168 см, ≈35,2 кг) версияларида мавжуд.
Асосий хусусиятлари:
88 та ҳаракат эркинлиги даражаси;
Биомиметик силикон тери, реалистик соч ва ифодали кўзлар;
Инсоннинг асосий ҳаракатларининг 90 фоизигача такрорлаш имконини берувчи махсус биомиметик бўйин умуртқаси;
Rockchip RK3588 процессорида ишлайдиган маҳаллий ҳиссий сунъий интеллект;
20 дан ортиқ ҳиссий ҳолатни 90 фоиздан юқори аниқликда таниб олиш;
Узоқ муддатли хотира, проактив мулоқот ҳамда нутқ ва мимиканинг синхронлашуви;
Махфийликни ҳимоя қилишнинг уч босқичли тизими (маълумотлар асосан локал тарзда қайта ишланади).

Роботлар ақл бовар қилмас даражада реалистик кўринади, шу билан бирга компания уларнинг интим муносабатлар учун мўлжалланмаганини маълум қилди.









