Қайд этилишича, аномал иссиқ об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода узоқ вақт меҳнат қилиш иссиқ уриши, сувсизланиш, юрак-қон томир ва асаб тизими фаолиятининг бузилиши ҳамда бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
“Меҳнат кодексининг 359-моддаси ҳамда 0069-24-сон СанҚваН талабларига мувофиқ, йилнинг иссиқ даврида очиқ ҳудудларда ҳаво ҳароратининг 36°С ва ундан юқори бўлиши ўта хавфли (экстремал) меҳнат шароити ҳисобланади”, дейилади инспекция огоҳлантиришида.
Давлат меҳнат инспекцияси қуйидагиларга қатъий риоя этилишини талаб қилган:
10:00–17:00 оралиғида очиқ ҳудудларда ҳашарлар, оммавий меҳнат тадбирлари ва бошқа жамоавий ишларни ўтказмаслик, зарур ишларни имкон қадар соат 10:00 гача ёки 17:00 дан кейин салқин вақтларда ташкил этиш.
Шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган ишларда меҳнат ва дам олишнинг махсус режимини жорий этиш, иш вақтини қисқартириш; ходимларни сояли дам олиш жойлари, ичимлик суви, шахсий ҳимоя воситалари ва биринчи тиббий ёрдам воситалари билан таъминлаш тавсия қилинган.
Инспекция меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш ҳамда ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирувчи меҳнат шароитларини юзага келтириш қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтган.











