Аномал иссиқ об-ҳаво шароитида очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ободонлаштириш ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида барча ҳокимликларга тегишли кўрсатма юборилди, деб хабар берди Давлат меҳнат инспекцияси.
Хабарда айтилишича, кўрсатмада соат 10:00–17:00 оралиғида юқори ҳарорат таъсирида ходимлар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган ишларни вақтинча тўхтатиш ҳамда мослашувчан иш режимини белгилаш, ходимларни етарли миқдорда сифатли ичимлик суви билан таъминлаш каби талаблар белгиланган.
Бундан ташқари, қуёш нурлари ва юқори ҳарорат таъсиридан ҳимояланган дам олиш жойларини ташкил этиш, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки тиббий хулосага кўра ишга яроқсиз деб топилган шахсларни ишга қўймаслик, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш ва меҳнат ҳамда дам олиш режимини қайта кўриб чиқиш лозимлиги айтилган.
“Кўрсатма талабларининг бажарилиши Давлат меҳнат инспекцияси томонидан назорат қилинади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бузган шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.











