Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилишича, кўрсатмада аномал иссиқ шароитида меҳнат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор мажбурий талаблар белгиланган.
Унга кўра, маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли ташкилотлар очиқ ҳавода меҳнат қилаётган ходимлар учун мослашувчан иш режимини жорий этиши, юқори ҳарорат таъсирида бажариладиган ишларни эса соат 10:00–17:00 оралиғида вақтинча тўхтатиши лозим.
Шунингдек, иш берувчилар ходимларни етарли миқдорда сифатли ичимлик суви билан таъминлаши, қуёш нурлари ва юқори ҳароратдан ҳимояланган дам олиш жойларини ташкил этиши талаб этилди.
Кўрсатмага мувофиқ, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ёки тиббий хулосага кўра ишга яроқсиз деб топилган шахсларни ишга жалб этишга йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, ходимлар шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши ҳамда меҳнат ва дам олиш тартиби қайта кўриб чиқилиши керак.
Ҳужжатда юқори ҳарорат таъсирида соғлиғи ёмонлашган ходимга зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш ҳам белгиланган.
Давлат меҳнат инспекцияси мазкур талабларнинг бажарилиши доимий назорат қилинишини маълум қилди. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузган мансабдор ва масъул шахслар эса амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.











