ЮНЕСКО 2026 йил 19 июл куни очиладиган Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессияси учун тайёрланган ҳисоботида Россияда қурилиши режалаштирилган икки йирик осмонўпар бино — «Лахта Центр – 2» ва «Лахта Центр – 3» лойиҳаларига танқидий баҳо берди.

Ҳисоботда таъкидланишича, баландлиги 555 метр ва 703 метр бўлиши режалаштирилган ушбу бинолар Санкт-Петербургнинг асрлар давомида шаклланган машҳур осмон чизиғини ўзгартиради. Шунингдек, улар Нева дарёси ва Фин кўрфази томон очиладиган тарихий панорамаларга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

ЮНЕСКО мутахассислари Россия ҳукуматини мазкур қурилиш лойиҳаларини қайта кўриб чиқишга чақирган. Экспертлар фикрича, агар қурилиш режаси амалга оширилса, бу Санкт-Петербург тарихий марказининг «Хавф остидаги Бутунжаҳон мероси» рўйхатига киритилиши учун асос бўлиши мумкин.

Ташкилотнинг баҳолаш миссияси 2026 йил бошида Санкт-Петербургда иш олиб борган. Мутахассислар «Лахта Центр – 2», «Лахта Центр – 3» ҳамда бошқа йирик қурилиш лойиҳаларини ўрганиб, уларнинг шаҳарнинг тарихий муҳитига эҳтимолий таъсирини таҳлил қилган.

Лойиҳаларга мувофиқ, янги осмонўпар бинолар Европадаги энг баланд бино ҳисобланган 462 метрли «Лахта Центр» ёнида қад ростлаши режалаштирилган. Қурилиш ишларини 2031–2033 йиллар оралиғида якунлаш кўзда тутилган.

Агар 703 метрли «Лахта Центр – 2» қуриб битказилса, у дунёдаги иккинчи энг баланд бино мақомини эгаллайди. Бу ҳолда у ҳозирда 678,9 метр баландликка эга бўлган Малайзиянинг Merdeka 118 минорасини ортда қолдиради. Дунёдаги энг баланд бино мақоми эса ҳозирча Бирлашган Араб Амирликларидаги 828 метрли Burj Khalifaʼга тегишли бўлиб қолади.

ЮНЕСКОнинг якуний тавсиялари Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 48-сессияси муҳокамалари давомида кўриб чиқилиши кутилмоқда.