Биринчи яримйиллик якунлари ва йил охиригача бўлган вазифаларга бағишланган йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди. 
Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш ва инвестиция кўрсаткичлари бўйича имкониятлар тўлиқ ишга солинмагани кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари ҳозирги глобал тебранишлар шароитида вилоят, туман ва шаҳарларга тадбиркорлик ҳамда ижтимоий инфратузилма лойиҳалари учун маблағлар кўпайтириб берилаётганини қайд этди.

Шу билан бирга, ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, бундай натижа фақат «қоғоздаги рақам» бўлиб қолиши таъкидланди.

Ойлик, чораклик ва йиллик режасини бажармаган бирорта вазир, ҳоким ёки тармоқ раҳбари бундай шароитда хотиржам ишлашга ҳақли эмаслиги қатъий кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда «маҳалла еттилиги» ишини янгича ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган ҳафта бу борада барча масалалар тушунтирилиб, масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилган эди.

Бу борада «Долзарб 40 кунлик» эълон қилиниб, 2 мингта энг оғир маҳаллада ишларни мутлақо янги тизим асосида ташкил этиш бошланди.

Ушбу маҳаллаларда ҳоким, маҳалла раиси ва бандлик бўлими ўртасидаги уч томонлама шартномалар қайта кўриб чиқилди.

Ҳокимлар 2 мингта оғир маҳаллада электр, газ, йўл ва сув масалаларини ўз вақтида ҳал қилишга шахсан жавобгар бўлади.

Бандлик тизими масъуллари эҳтиёжманд аҳолини ўқитиш, ишга жойлаштириш ва даромадини ошириш мақсадида ҳудудма-ҳудуд юради.

Маҳалла тизими раҳбарларига 8 минг 992 та маҳаллада кўчалар ва уйларни обод қилиш, дарахт ва кўчат экиш, ариқларни тоза тутиш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилди.

Йиғилишда давлат раҳбари банкларнинг маҳалладаги ишидан мутлақо норози эканини билдирди. Шу боис, Марказий банкнинг вилоятлардаги раҳбарлари ва давлат банклари филиаллари бошлиқларининг фаолиятига қатъий эътироз билдирилди.

Президент вилоят ва туман банклари ҳамда маҳалла уюшмалари учун бу йил синов ва амалий аттестация йили бўлишини айтди. Кейинги уч ойда натижа қилган раҳбар ишида қолади, ўзгариш қилмагани эса лавозимини тарк этади.

Бош прокуратура ва Ҳисоб палатасига ҳар бир маҳаллада қандай иш кетаётгани, қандай ўзгариш бўлаётганини назорат қилиш вазифаси қўйилди.

Шу билан бирга, маҳаллаларда озодалик, яшаш маданияти ва ҳовлилар билан ишлаш масалалари ҳам танқидий кўриб чиқилди. Ҳовли уйларни ҳам бошқарув компаниялари фаолияти билан қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди.