Президент Шавкат Мирзиёевга ичимлик ва оқова сув хизматларини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди. Қайд этилишича, амалдаги тарифлар хизматларнинг ҳақиқий таннархини тўлиқ қопламаяпти, ҳудудлар кесимидаги катта фарқлар эса соҳанинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб бериш вазифаларини ажратиш, шунингдек, Магистрал сув таъминоти корхонасини ташкил этиш таклиф қилинди. Янги тузилма ҳудудий сув таъминоти корхоналарига ичимлик сувини ягона улгуржи тариф асосида етказиб беради.

Шунингдек, ичимлик ва оқова сув хизматлари тарифларини шаффоф ҳамда иқтисодий асосланган мезонлар асосида белгилаш учун Идоралараро тариф комиссиясини ташкил этиш, 2027 йил 1 апрелдан эса бюджет ташкилотлари учун ягона тарифни жорий қилиш вазифаси белгиланди.

Тақдимот якунида президент лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, хизматлар қамровини кенгайтириш, соҳани рақамлаштириш ва сув таъминоти корхоналарининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.