Россия Давлат думаси Солиқ кодексига киритилаётган, ёнилғи бозоридаги нархларни барқарорлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда маъқуллади. Ҳужжатга кўра, мамлакатда ёнилғи демпфери механизми, биржа савдолари тартиби ҳамда дизел ёнилғиси импорти бўйича компенсация тизими қайта кўриб чиқилади.
Янги қонун ёнилғи демпфери механизмини такомиллаштиришни назарда тутади. Демпфер – бу давлат томонидан нефт компанияларига ички бозорга ёнилғи етказиб бериш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун тўланадиган компенсация тизими ҳисобланади. Россия ҳукумати ушбу ўзгартишлар ички бозорда ёнилғи таклифини кўпайтириш ва нархларнинг кескин ўзгариш хавфини камайтиришга хизмат қилишини билдирмоқда.
Қонун лойиҳаси ҳукумат томонидан нефт маҳсулотлари бозорини барқарорлаштириш чоралари доирасида тайёрланган. Аввалроқ Россия ҳукумати бензиннинг мажбурий биржа савдоси ҳажмини қисқартирган ва ички бозорни ёнилғи билан таъминлаш мақсадида нефт маҳсулотлари экспортига чекловлар жорий этган эди.
Янги тартибга кўра, минимал биржа савдолари ҳажмини ҳисоблашда биржадан ташқари амалга оширилган айрим етказиб бериш ҳажмлари ҳам инобатга олинади. Бу ҳолатлар рўйхатини кейинчалик Россия ҳукумати белгилайди.
Россия молия вазири ўринбосари Алексей Сазановнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус асосан қишлоқ хўжалиги соҳасининг эҳтиёжлари билан боғлиқ. Ҳукумат нефтни қайта ишлаш заводлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини ёнилғи билан таъминловчи ваколатли компаниялар ўртасида тўғридан тўғри шартномалар тузиш механизмларини муҳокама қилмоқда.
Қонунга мувофиқ, 2026 йил июлидан 2027 йил июлигача ўрта дистиллятлар (дизел ёнилғисига яқин хусусиятларга эга нефт маҳсулотлари) учун ҳам демпфер компенсацияси тўлаш имконияти яратилади.
Шунингдек, импорт қилинадиган дизел ёнилғиси учун ҳам бензинда қўлланаётган тизимга ўхшаш компенсация механизми жорий этилади. Агар импорт қилинган дизел қиймати Россия улгуржи бозоридаги нархдан юқори бўлса, импортчилар акциз солиғи бўйича чегирма орқали харажатларининг бир қисмини қоплаб олиши мумкин. Бироқ бундай тўловлар фақат дизел ёнилғиси ва авиация керосини экспортига чекловлар амал қилган даврларда берилади.
Қонунга кўра, учинчи давлатлардан импорт қилинадиган дизел ёнилғиси учун компенсация ҳисоблашда Ҳиндистон бозоридаги нархлар асосий мезон сифатида олинади. Бунда Ҳиндистон мажбурий етказиб берувчи эмас, балки нархларни белгилаш учун эталон сифатида танланган.

















