— Трампнинг таҳдиди Эронни ортга чекинишга мажбур қиладими ёки янада кескинлаштирадими, кескинлаштирса буни моделлаштириш мумкинми?
Ҳамза Болтаев: АҚШ ва Эрон ўртасидаги бугунги қарама-қаршиликнинг характери сезиларли даражада ўзгарди. Дастлаб бу можаро АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари сифатида намоён бўлган бўлса, ҳозир асосий ҳарбий юкни АҚШнинг ўзи зиммасига олмоқда. Ҳозирги босқичнинг энг муҳим жиҳати шундаки, ҳар икки томон эскалацияни ўз мақсадларига эришиш воситаси сифатида кўрмоқда.
АҚШ уруш бошида ўз зарбаларини Эроннинг ядровий ва ракета дастурларини издан чиқариш билан изоҳлаган бўлса, бугунги кунда расмий баёнотларда асосий эътибор Эроннинг Ҳўрмуз бўғозини ёпиш имкониятини чеклаш, унинг ҳарбий, разведка ва стратегик инфратузилмасини заифлаштиришга қаратилганини таъкидламоқда. Бироқ амалий натижаларга қаралса, Эрон АҚШ зарбалари ортидан кескин заифлашаётгани кузатилмаяпти. Аксинча, деярли ҳар бир ҳужумга жавоб қайтаришга уринмоқда ва бу орқали ўзининг ҳарбий имкониятлари сақланиб қолаётганини намойиш этмоқда.
Эронлик ҳарбий мутахассисларнинг даъво қилишича, айрим баллистик ракеталар нишонга яқинлашганда парвоз йўналишини ўзгартириш имкониятига эга. Агар бу даъволар амалда тасдиқланса, анъанавий баллистик траекторияга мўлжалланган ҳаво мудофаа тизимлари учун бундай ракеталарни тутиб қолиш анча мураккаблашади. Бу эса Эронга Форс кўрфази давлатлари учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган сувни чучуклаштириш иншоотларига таҳдид солиш имкониятини беради. Теҳрон айнан шундай салоҳияти мавжудлигини намойиш этишга уринмоқда.
Бошқа томондан, АҚШ аввалроқ Эрон белгиланган муддат ичида таслим бўлмаса, фуқаролик инфратузилмасига зарбалар берилиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаганди. Аммо бундай сценарий амалга ошмади. Айрим таҳлилчиларга кўра, бунга Форс кўрфази араб давлатларининг позицияси таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Улар Эроннинг жавоб бериш имкониятлари сақланиб қолганини ва минтақадаги энергетика ҳамда стратегик объектлар хавф остида қолиши мумкинлигини Вашингтонга етказган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.
Натижада Эрон нафақат ўз ҳарбий салоҳияти сақланиб қолганини, балки зарурат туғилганда ундан фойдаланишга тайёр эканини ҳам намойиш этишга уринмоқда. Айнан шу омил айрим араб давлатларини АҚШни янада эҳтиёткор ҳаракат қилишга ундаган бўлиши мумкин.
Камолиддин Раббимов: АҚШ Форс кўрфази атрофидаги ҳарбий базаларидан муҳим техника ва жиҳозларнинг бир қисмини Исроил ҳудудига кўчирган. Бу Вашингтоннинг эҳтимолий хавфларга тайёргарлик кўраётганини кўрсатади. Бугун тарқалган маълумотларга кўра, АҚШнинг B-1 стратегик бомбардимончи самолётлари Эрон яқинидаги ҳудудларда парвозларни амалга оширмоқда. B-1 узоқ масофага уча оладиган стратегик бомбардимончи бўлиб, катта ҳажмдаги қурол-яроғни ташиш имкониятига эга.











