Бу ҳақда “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Ҳикматилла Казакбаев сўз юритишди.

— Урушнинг муҳим босқичида Зеленский нега кетма-кет юқори лавозимли амалдорларни алмаштиряпти?

Шуҳрат Расул: Михаил Федоров жорий йилнинг январ ойида мудофаа вазири этиб тайинланган эди. У билан Украина Қуролли Кучлари бош қўмондони Александр Сирский ўртасида урушни олиб бориш концепцияси бўйича жиддий келишмовчилик юзага келган. Бу шахсий зиддият эмас, балки стратегик ёндашувлар тўқнашуви эди.

Сирский профессионал ҳарбий сифатида урушга анъанавий нуқтайи назардан қарайди. Унинг фикрича, асосий эътибор фронт чизиғидаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилиши керак. Стратегик ва иқтисодий объектларга зарба беришдан кўра, фронтдаги устунликни сақлаб қолиш муҳимроқ.

Федоров эса мутлақо бошқа ёндашув тарафдори. У аслида IT муҳандиси бўлиб, мудофаа вазирлигига қадар Украинанинг рақамли трансформация вазири лавозимида ишлаган. Унинг асосий ғояси – урушни технологиялар ёрдамида олиб бориш, дронлар ва сунъий интеллект имкониятларидан максимал фойдаланишдан иборат.

Умуман олганда, Федоров урушнинг инновацион моделини илгари сурмоқда. Сирский эса ҳарбий академияларда шаклланган классик ҳарбий мактаб вакили бўлиб, кўпроқ XX аср услубидаги уруш концепциясига таянади. Демак, уларнинг асосий қарама-қаршилиги айнан урушни қандай олиб бориш масаласида эди.

Федоровнинг яна бир муҳим ташаббуси ҳарбий харидлар учун электрон маркетплейс платформасини яратгани бўлди. Ушбу тизим орқали қурол-яроғ ва ҳарбий жиҳозларни харид қилиш жараёнида миллиардлаб доллар маблағ иқтисод қилингани таъкидланмоқда. Шу сабабли Украинада унинг тарафдорлари анчагина. Сўнгги кунларда Киев ва бошқа йирик шаҳарларда фуқаролар Федоровни мудофаа вазири лавозимига қайтаришни талаб қилиб намойишлар ўтказмоқда.

Маълум бўлишича, Европа Иттифоқининг Украина билан ишлаётган айрим расмийлари ҳам Федоровни қўллаб-қувватламоқда. Уларнинг позицияси шундан иборатки, Европа Украинага миллиардлаб доллар молиявий ва ҳарбий ёрдам кўрсатаётган экан, бу маблағларнинг самарали сарфланиши муҳим. Уларнинг фикрича, Федоров қисқа вақт ичида буни амалда исботлай олган.

Шундай қилиб, Зеленский бир вақтнинг ўзида ички жамоатчилик, Ғарб донорлари ва ҳарбийларнинг бир қисми босими остида қолди. Бунинг устига, янги бош қўмондон этиб тайинланган Михайло Драпатий ҳам лавозимга киришишидан олдин очиқчасига Федоровни қўллаб-қувватлади. У барча ҳарбийлар Сирскийнинг қарашларини қўлламаслигини, ўзи ҳам урушда дронлар, роботлар ва бошқа замонавий технологиялар ролини кучайтириш тарафдори эканини билдирди. Орадан кўп ўтмай, президент Володимир Зеленский Сирскийни ҳам лавозимидан озод қилди.