АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) 23 июл куни Майами шаҳрида рўйхатдан ўтган Bel-Kap-Steel компаниясига нисбатан санкциялар бекор қилинганини маълум қилди.
Ушбу компания Беларуснинг «Беларус металлургия заводи» (БМЗ) акциядорлик жамияти билан қўшма корхона ташкил қилган. БМЗ мамлакатдаги энг йирик давлат саноат корхоналаридан бири бўлиб, пўлат маҳсулотларини ички бозор ва экспорт учун ишлаб чиқаради.
Bel-Kap-Steel 2023 йил август ойида АҚШ санкциялар рўйхатига киритилган эди. Ўша вақтда Европа Иттифоқи ҳам компанияга қарши чекловлар жорий қилган. OFAC ўшанда БМЗ Беларусдаги энг йирик давлат корхоналаридан бири эканини, унинг фаолияти Александр Лукашенко ҳукуматига миллионлаб доллар даромад келтираётганини таъкидлаган.
DW маълумотига кўра, АҚШ Беларусга нисбатан санкцияларни юмшатишни мамлакатда сиёсий маҳбусларни босқичма-босқич озод қилиш жараёни билан боғламоқда. Бу жараён 2025 йил охиридан Минск ва Вашингтон ўртасидаги музокаралар доирасида амалга оширилмоқда.
2025 йил декабр ойида АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Жон Коул Минскка ташрифи чоғида ўтказилган музокаралар натижасида 123 нафар маҳбус озод қилинган. 2026 йил март ойида яна 250 нафар маҳбус эркинликка чиққан.
Шунингдек, апрел ойи охирида Полша ва Беларус ўртасида «беш нафарга беш нафар» тамойили асосида маҳбуслар алмашинуви ўтказилган. Кейинроқ Жон Коул май ойида ҳам янги алмашинувлар бўлиши мумкинлигини билдирган бўлса-да, бу режалар амалга ошмаган.
Сиёсий маҳбусларни озод қилишга жавобан АҚШ Беларус молия секторига нисбатан айрим чекловларни енгиллаштирди. Жумладан, Белинвестбанк, Беларус тараққиёт банки ва Беларус Молия вазирлигига нисбатан қатор чекловлар бекор қилинди. Шунингдек, «Беларускалий», Беларус калий компанияси ҳамда «Агророзквита» корхоналарига нисбатан сақланиб қолган санкциялар ҳам тўлиқ олиб ташланди.











