Astra Telegram-канали очиқ манбалар таҳлили (OSINT) ва гувоҳлар видеоларига таяниб, Санкт-Петербург маъмурий чегараси яқинидаги Всеволожск тумани Новосаратовка қишлоғида жойлашган Wildberries Санкт-Петербург логистика маркази ҳужумдан кейин ёнганини хабар қилди. Ушбу омбор амалда Санкт-Петербург бозорига хизмат кўрсатади ва шаҳарга жуда яқин жойлашган.
Кейинроқ канал шаҳарнинг турли нуқталарида икки ёнғин ўчоғи кузатилганини маълум қилди. Интернетда тарқалган фото ва видеоларда шаҳар устига қора тутун кўтарилгани акс этган. Exilenova+ канали эса Ленинград вилоятидаги эҳтимолий ҳужум лаҳзалари тасвирланган видеоларни эълон қилди.
Ҳодисадан сўнг Wildberries матбуот хизмати Санкт-Петербургдаги Шушари ва Уткина Завод логистика комплекслари фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. Компания уларнинг иши қачон тикланиши ҳақида қўшимча ахборот берилишини билдирди.
Шу кечанинг ўзида Твер шаҳри ва қўшиб олинган Қримнинг Симферопол шаҳридаги Wildberries логистика марказлари ҳам ҳужумга учрагани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, ҳар икки объектда ҳам зарбалардан кейин ёнғин чиққан. RWB Wildberries Russ матбуот хизмати эса Симферополдаги саралаш маркази хавфсизлик талабларига мувофиқ эвакуация қилинганини тасдиқлади.
Бундан ташқари, «Қрим шамоли» Telegram-канали ўз манбасига таяниб, Судак шаҳридаги электр подстанциясига ҳам зарба берилганини, бу эса шаҳарда электр энергияси ва сув таъминотида узилишларга сабаб бўлганини ёзди. Бироқ ушбу маълумот мустақил манбалар томонидан ҳозирча тасдиқланмаган.
Мақола эълон қилинган вақтга қадар Ленинград вилояти губернатори Александр Дрозденко, Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов, Твер вилояти расмийлари ҳамда Симферополнинг Россия тайинлаган маъмурияти ҳодисалар юзасидан расмий изоҳ бермаган.
DW таъкидлашича, бу Wildberries логистика инфратузилмасига қилинган биринчи ҳужум эмас. Илгарироқ Электростал, Котовск, Краснодар ва Невинномисск шаҳарларидаги омборлар ҳам зарбалар натижасида вайрон бўлган ёки жиддий шикастланган. «Коммерсант» ҳисоб-китобларига кўра, мазкур ҳужумлар компаниянинг умумий логистика қувватларининг қарийб 10 фоизига таъсир кўрсатган.
18 июл куни Электростал ва Котовскдаги омборларга берилган зарбалар оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, қарийб 50 киши жароҳатланган эди. Украина президенти Володимир Зеленский бу ҳужумларни Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига берган зарбаларига жавоб сифатида баҳолаган. Унинг сўзларига кўра, мазкур логистика марказлари Россиянинг дронлар ва навигация ускуналари ишлаб чиқариши учун санкциялар остидаги бутловчи қисмларни етказиб беришда фойдаланилган.












