«Коммерсант» нашрининг ёзишича, Украина ҳужумлари натижасида Wildberriesʼнинг Москва вилоятидаги Электростал, Тамбов вилоятининг Котовск шаҳри, Краснодар ҳамда Ставропол ўлкасининг Невинномисск шаҳрида жойлашган йирик логистика мажмуалари ёнган ёки турли даражада шикастланган.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳужумлар таъсирига учраган омборларнинг умумий майдони 552 минг квадрат метрни ташкил этган. Жумладан, Электросталдаги омбор майдони 250 минг квадрат метр, Котовскдаги объект 108 минг квадрат метр, Краснодардаги логистика маркази 100 минг квадрат метр, Невинномисскдаги омбор эса 94 минг квадрат метрни ташкил қилади.
Нашр маълумотига кўра, компаниянинг камида тўртта логистика объекти тўлиқ тикланишга муҳтож бўлиши мумкин. Коледино логистика маркази эса компания ва электрон тижорат бозори иштирокчилари маълумотига кўра, фаолиятини давом эттирмоқда. Котовскдаги омборни эса яқин кунларда қайта ишга тушириш режалаштирилган.
Натижада ҳозирча компаниянинг тахминан 444 минг квадрат метр ёки умумий логистика қувватларининг 8 фоизи фойдаланишдан чиққан. Кўчмас мулк бозори вакили баҳосича, шундай ҳажмдаги янги омборларни ускуналарсиз қуриш қиймати тахминан 35,5 миллиард рублга тенг.
Бозор экспертлари фикрича, Wildberries учун вайрон бўлган логистика марказларини қайта тиклаш мутлақо янги омборлар қуришга нисбатан арзонроққа тушиши мумкин. Яқин истиқболда компания логистика занжирини қайта ташкил қилиб, товарларнинг бир қисмини Урал ва Сибирдаги омборларга йўналтириши эҳтимоли юқори экани қайд этилмоқда.
18 июл куни Украина Тамбов вилоятининг Котовск шаҳри ва Москва вилоятидаги Электростал логистика марказларига зарба берган эди. Ҳужум оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, қарийб 50 киши жароҳатланган. Украина президенти Володимир Зеленский бу зарбаларни Россиянинг Украина фуқаролик инфратузилмасига уюштирган ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлаган. Унинг таъкидлашича, мазкур логистика марказлари дронлар ва навигация ускуналари ишлаб чиқариш учун санкциялар остидаги бутловчи қисмларни етказиб беришда фойдаланилган.
Ундан бир кун аввал эса Wildberriesʼнинг Краснодар ва Невинномисск шаҳарларидаги логистика марказлари ҳам ҳужумга учраган эди.












