“Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун расман эълон қилинганидан 10 кун ўтиб – 25 июлдан кучга кирди.

Қонунга кўра, Тошкент халқаро молия маркази (кейинги ўринларда – Молия маркази) ҳудудида махсус ҳуқуқий режим амал қилади.

Молия маркази ҳудудининг чегаралари президент фармони билан белгиланади. Дастлабки белгиланган чегараларнинг қисқартирилишига йўл қўйилмайди; кейинчалик президент фармонлари билан марказнинг ҳудудий чегаралари фақат кенгайтирилиши ёки аниқлаштирилиши мумкин.

Молия маркази ҳуқуқий аниқлик, тартибга солишни олдиндан кўра билиш, суд мустақиллиги ҳамда инвесторларни жалб этиш ва ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, етакчи халқаро молия марказларининг энг яхши амалиётлари инобатга олинган ҳолда ташкил этилади ҳамда бошқарилади.

Марказнинг вазифалари

Молия марказининг вазифаларига, жумладан, қуйидагилар киради:

  • молиявий хизматлар учун жозибадор, рақобатбардош ва шаффоф муҳитни яратиш ҳамда ушбу молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш орқали Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётига, шу жумладан миллий стратегик лойиҳаларга, инфратузилмага, энергетикага, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларига ва биргаликдаги инвестиция лойиҳаларига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш;
  • Ўзбекистон Республикасида қимматли қоғозлар бозорларини ва бошқа капитал бозорларини ривожлантириш ҳамда уларнинг халқаро капитал бозорлари билан интеграциялашувини рағбатлантириш;
  • молиявий хизматларни, шу жумладан банк хизматларини, суғурта, исломий ва исломий бўлмаган молия фаолиятини, молиявий технологияларни, рақамли активларни, Молия марказининг қарорларида рухсат этилган доирада технологияларга асосланган бошқа молиявий маҳсулотлар ва хизматларни, электрон тижоратни ҳамда бошқа инновацион молиявий фаолият турларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш;
  • халқаро миқёсда эътироф этилган энг яхши амалиётларга мувофиқ, шу жумладан хорижий молиявий хизмат кўрсатувчиларни ва Молия марказининг инвестициявий солиқ резидентларини жалб қилган ҳолда молиявий хизматларда ва профессионал хизматларда инновацияларни рағбатлантириш.

Кимлар марказ иштирокчиси бўла олади?

Ўзбекистон юридик шахслари, чет эл юридик шахслари ва Молия марказининг ўзи томонидан ташкил этилган юридик шахслар марказ иштирокчиси бўлиши мумкин.