Қори-Ниёзий ва Ниёзбек йўли кўчалари чорраҳасида 26 июл соат 08:00 дан 28 июл соат 18:00 гача транспорт ҳаракати қисман чекланади.
Бу ҳақда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026–2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик дастури доирасида Қори-Ниёзий кўчасидаги иссиқлик камераларини боғловчи иссиқлик тармоқлари алмаштирилмоқда.
“Мазкур ҳудуддаги амалдаги иссиқлик қувурлари ер остида тахминан 8 метр чуқурликда жойлашгани сабабли, янги иссиқлик тармоқлари лойиҳага мувофиқ уларнинг устки қатламидан ётқизилмоқда”, дейилади хабарда.
Туман ҳокимлигининг билдиришича, қурилиш-монтаж ишларини қисқа муддатда ва сифатли якунлаш мақсадида ишлар икки сменада узлуксиз олиб борилади, ҳайдовчилар учун айланма йўллар ва тегишли йўл белгилари ўрнатилади.
Қувурлар ётқизилгач, йўл қопламаси тезкор равишда тикланиб, транспорт ҳаракати тўлиқ қайта йўлга қўйилиши айтилмоқда.











