Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги жорий йилнинг август ойидан айрим оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўловлари тўхтатилиши мумкинлигини билдирди.
Қайд этилишича, амалдаги тартибга кўра, “Камбағал оила” тоифасига киритилган оилаларга 2026 йилнинг феврал ойида тайинланган болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам тўловларининг 6 ойлик муддати август ойида якунланади. Ушбу тўлов ажратилиши давом этиши ёки тўхтатилишида оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари бандлиги асосий мезон ҳисобланади.
Агентликнинг билдиришича, агар оиладаги меҳнатга лаёқатли шахс охирги 6 ой давомида расмий ишламаган ёки бандлик хизматлари томонидан таклиф қилинган мос ишни икки марта ёки ундан кўп рад этган бўлса, нафақа тўлови кейинги ойдан (яъни августдан) бошлаб тўхтатилади.
Тўловларнинг узлуксизлигини таъминлаш учун оиладаги меҳнатга лаёқатли шахс қуйидагилардан бири орқали расмий бандлигини кўрсатиши зарур:
Расмий ишга жойлашиш (меҳнат шартномаси асосида);
Якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтиб, солиқларни ўз вақтида тўлаш;
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, белгиланган ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаш.
Таъкидланишича, болалар нафақаси ва моддий ёрдам давлат томонидан ҳақиқатан ҳам кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш учун берилади.
«Шунинг учун меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг расмий бандлигини таъминлаш муҳим ҳисобланади”, дейилади хабарда.











