Қашқадарё вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож ва контракт маблағини тўлашда қийналаётган оилалар фарзандларининг олий таълим олишини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда.

Вилоят ҳокими Мурод Азимов томонидан эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг олий таълим муассасаларида таҳсил олишини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Қашқадарё вилоятидаги 856 нафар талаба-ёшнинг контракт тўловларини қоплаш учун жами 3 миллиард 780 миллион 600 минг сўм маблағ ажратилган.

Мазкур маблағлар, аввало, олий таълим олиш истагида бўлган, аммо оилавий ва моддий шароити сабаб контракт тўловини амалга оширишда қийинчиликка дуч келаётган талабаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Шунингдек, ташаббус хотин-қизларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ёшларнинг билим ва касбий салоҳиятини оширишга қаратилган.

Қайд этилишича, талабаларнинг контракт маблағларини тўлаб бериш орқали эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг таълим олишини давом эттиришига кўмаклашиш кўзда тутилган.