Бу йилги август ойида ўртача ойлик ҳарорат кўп йиллик ўртача қийматларга яқин бўлиши кутилмоқда.
Ўзгидрометга кўра, ой қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланади. 1–2 август кунлари ҳаво ҳарорати +38…+41 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларда +42…+43 даражага етади.
Кейинчалик ҳарорат фони 3–5 даражага пасаяди ва ҳаво ҳарорати асосан +33…+38 даража атрофида, баъзи жойларда +40 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Ой охирига бориб Ўзбекистон ҳудудига салқин ҳаво кириб келиши ва ҳарорат аста-секин +25…+30 даражагача пасайиши мумкин.
Августнинг биринчи ярмида ҳарорат кечалари +24…+27 даража, иккинчи ярмида +17…+22 даража, ой охирига бориб +12…+15 даражагача пасаяди.
Ойлик ёғингарчилик миқдори меъёрдан кўп, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Аммо август ойида ойлик ёғингарчилик меъёри жуда камлигини унутмаслик керак, дейди синоптиклар.
Ойнинг иккинчи ярмида айрим кунларда, асосан, жадаллиги бироз бўлган қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши мумкин.
Ўтган август ойлари қандай бўлган?
Одатда, август ойида ҳарорат фони аста-секин пасая бошлайди. Ўзбекистон ҳудуди бўйича август ойининг ўртача ойлик ҳарорати июл ойига нисбатан 1,5−2,5 даражага паст бўлади.
Йилнинг кўп ойлари сингари, август ойи ҳам нисбатан иқлим ўзгариши таъсири остида бўлади. 1991−2020 йиллар ва 1961−1990 йиллар учун август ойидаги ўртача ойлик ҳарорат фарқи 1,2−1,5 даражани ташкил этган.
Республика ҳудудининг катта қисмида ўртача максимал ҳарорат +35…+37 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+40 даражани ташкил этади. Иссиқ об-ҳавонинг энг юқори чўққисида деярли ҳар йили +38…+39 даражага, жанубда ва чўл ҳудудларда эса баъзи жойларда +41…+43 даражага етади.
Кузатувларнинг барча йиллари учун август ойларининг максимал ҳаво ҳарорати мутлақ рекорди +41…+43 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +44…+47 даражани ташкил этади.
Сўнгги йилларда август ойининг ҳарорат тартибига глобал исиш сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда. Йиллараро кучли ўзгарувчанлик фонида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати кўтарилиш тенденцияси кузатилмоқда.













