Кобул шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Афғонистоннинг Бомиён вилояти ҳокими Ал-Ҳож Қори Гул Ҳайдар ўртасида учрашув ўтказилди.
Учрашувда Бомиён вилоятининг иқтисодий ва аграр салоҳияти, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳамда ўзаро савдо алоқаларини кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Хусусан, Бомиён вилояти тоғли иқлими туфайли Афғонистоннинг "картошка пойтахти" сифатида эътироф этилгани қайд этилди. Ҳозирда ҳудудда тажриба тариқасида 17 гектар майдонга юқори ҳосилли Фонтане навидан 44 тонна уруғлик картошка экилган бўлиб, юқори ҳосил кутилмоқда.
Лойиҳа картошка ҳосилдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва Ўзбекистон ҳамда Афғонистон ўртасидаги аграр кооперацияни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши таъкидланди.

Томонлар истиқболда Бомиён вилоятидан Ўзбекистонга йилига 300 минг тоннагача юқори сифатли картошка экспорт қилиш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.











