Президент энергетика соҳасидаги муаммоларни кескин танқид қилиб, тармоқни ислоҳ қилиш бўйича муҳим топшириқлар берди. Шунингдек, соҳада кадрлар ўзгариши рўй бериб, янги энергетика вазири тайинланди. Бундан ташқари, миграция қонунчилигидаги ўзгаришлар, хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарликлар ва куннинг бошқа маҳаллий хабарлари билан таништирамиз.

Президент энергетика тизимидаги бошқарувни кескин танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғининг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда соҳадаги бошқарув тизими кескин танқид қилиниб, масъул раҳбарлар фаолиятига баҳо берилди. Йиғилиш якунларига кўра, бир қатор кадрлар бўйича қарорлар қабул қилинди.

Президент энергетика соҳасида муаммо маблағда эмас, балки бошқарувда эканини таъкидлади. Қайд этилишича, сўнгги ўн йилда тармоққа 23 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, 9,5 гигаватт қувватга эга янги электр станциялари ишга туширилган. Электр ва газ тармоқларини модернизация қилиш учун эса 30 триллион сўм йўналтирилган.

Шунга қарамай, Президент аҳоли ва тадбиркорлар энергетика тизими раҳбарлари фаолиятидан мутлақо норози эканини билдирди. Фақат июн-июл ойларининг ўзида қарийб 4 мингта авария содир бўлиб, айрим ҳудудларда электр таъминоти 8-10 соатгача узилгани танқид қилинди.

Йиғилишда кадрлар бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди. «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Асроржон Аскаров лавозимидан озод этилди. Шунингдек, «Миллий электр тармоқлари», «Иссиқлик электр станциялари», «Трансгаз» ва «Ҳудудгаз» раҳбарларига йил якунигача синов муддати белгиланиб, натижа бўлмаса, улар ҳам лавозимидан озод этилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Жўрабек Мирзамаҳмудов ишдан кетди, янги вазир тайинланди

Президент қарори билан Жўрабек Мирзамаҳмудов энергетика вазири лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига Шерзод Хўжаев тайинланди. Бундан аввал унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.