Жиноят оламида "Жора Ташкентский" ва "Сорока" номлари билан танилган Георгий Сорокин Мисрда қўлга олинди ва Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Шарм-ал-Шайх шаҳрида ушланган Сорокиннинг ёнидан Россия сохта паспорти топилган. У ушбу паспорт билан кўп йиллар давомида турли мамлакатлар бўйлаб ҳаракатланиб келган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматининг маълумот беришича, у 1972 йилда Тошкентда туғилган бўлиб, спорт устаси ҳисобланади. Георгий Сорокин жиноий фаолиятини 18 ёшида бошлаган ва етти йилга қамалган. Кейинчалик Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларда қилган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиб, жазо ўтаган. У босқинчилик, талончилик, товламачилик, ноқонуний қурол ва гиёҳванд модда сақлаш каби жиноятларда айбланган.

2021 йилда "Жора Ташкентский" шериклари билан Тошкент шаҳрида умумий қиймати 350 минг долларга тенг бўлган иккита уйни ўзлаштириб олган. У уй эгасини қўрқитиб, дўппослаб, зўрлик ишлатиб хонадонларни шериклари номига расмийлаштиришга эришган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган. Айни пайтда Сорокин жиноий жавобгарликка тортиш учун Ўзбекистонга олиб келинди.