«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонасига М.Т. исмли фуқаро мурожаат қилиб, оғир молиявий аҳволга тушиб қолгани сабабли ватанга қайтишда амалий ёрдам сўраган.
Маълум бўлишича, фуқаро жорий йилнинг июл ойида меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Беларусга борган. Бироқ Минск шаҳрига етиб келгач, уни ишга таклиф қилган шахс алоқага чиқмай қўйган.
М.Т. бир неча кун давомида иш берувчи билан боғланишга уринган, аммо ҳаракатлари натижа бермаган. Оқибатда у ишсиз ва маблағсиз қолиб, оғир молиявий вазиятга тушган.
Шундан сўнг дипломатлар фуқародан зарур ариза ва ҳужжатларни тезкор тартибда қабул қилган. Ўзбекистон Миграция агентлиги билан ҳамкорликда Миграция жамғармаси маблағлари ҳисобидан унинг номига ватанга қайтиш учун авиачипта расмийлаштирилган.
Натижада, 24 июл куни М.Т. Belavia авиакомпаниясининг Минск–Тошкент рейси орқали Ўзбекистонга қайтарилган.











