27 июлга ўтар кечаси Россиянинг Белгород шаҳри Украина учувчисиз учиш аппаратларининг оммавий ҳужумига учради. Бу ҳақда Белгород вилояти тезкор штаби ўзининг Telegram-каналида хабар берди.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 12 нафар тинч аҳоли вакили жароҳатланган. Улар орасида икки нафар бола ҳам бор. Шунингдек, зарбалар натижасида бир нечта хонадон ва автомобилларда ёнғин чиққан.

Белгород мэри Валентин Демидов ҳам жабрланганлар ҳақидаги маълумотларни тасдиқлаган. Унинг айтишича, ҳужум оқибатида иккита кўп қаватли уйда коммунал тармоқлар вақтинча ўчирилган.

Айрим хонадонларга аҳолининг қайтиши ҳозирча имконсиз экани айтилмоқда. Шу сабабли ушбу уйларда яшовчилар вақтинчалик жойлаштириш пунктларига йўналтирилган.

Ростов вилоятида икки киши ҳалок бўлган

27 июлга ўтар кечаси Россиянинг Ростов вилояти ҳам ҳужумга учрагани хабар қилинди.

Вилоят губернатори Юрий Слюсарнинг маълум қилишича, Ростов-Дон шаҳрида ҳужум оқибатида эр-хотин ҳалок бўлган. Яна беш нафар киши турли даражада жароҳатланган.

Россия ҳам Украина ҳудудларига зарбалар берган

Айни пайтда, 27 июлга ўтар кечаси Россия қўшинлари ҳам Украина ҳудудларига учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталар билан кенг кўламли ҳужум уюштирган.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Днипропетровск, Суми, Чернихив, Запорижжя, Харкив ва Херсон вилоятларига зарбалар берилган.

Ҳозирча Россиянинг Украина ҳудудларига берган ушбу зарбалари оқибатлари ва етказилган зарар кўлами ҳақида тўлиқ маълумот келтирилмаган.