“Давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.
Қонун расмий эълон қилинганидан 6 ой ўтгач, 2027 йил 28 январдан кучга киради.
Қонунга кўра, давлат органининг ёки унинг мансабдор шахсининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли жисмоний ва (ёки) юридик шахсларга моддий ва (ёки) маънавий зарар етган тақдирда, масала судда кўриб чиқилади.
Зарарнинг ўрнини қоплаш учун ундириладиган маблағлар миқдори суд қарори асосида аниқланади.
Зарарни ким тўлайди?
Қонунга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш бўйича ҳудудий мақсадли жамғармалар фаолият юритади.
Суднинг қонуний кучга кирган қарори билан аниқланган зарарнинг ўрни ҳудудий компенсация жамғармасидан пул шаклида қопланади.
Агар зарар етказилгани учун аниқ бир шахс суднинг қонуний кучга кирган қарори билан айбдор деб топилган бўлса, моддий ва (ёки) маънавий зарарнинг ўрни ушбу шахс томонидан қопланиши лозим.
Регресс ҳуқуқи
Зарарнинг ўрни суд қарори асосида ҳудудий компенсация жамғармалари ҳисобидан қоплаб берилганда ва кейинчалик зарар етказган айбдор шахсга нисбатан қонунга мувофиқ регресс ҳуқуқи юзага келган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари айбдор шахс фаолият юритаётган ёки муқаддам ишлаган давлат органига талабнома киритади.
Талабномани олган давлат органи уч иш куни ичида маблағларни ўзининг бюджетдан ташқари жамғармаси ҳисобидан тегишли компенсация жамғармасига тўлиқ миқдорда ўтказиб беради ва ушбу маблағларни айбдор шахсдан регресс тартибида ундириш чораларини кўради.
Давлат органининг бюджетдан ташқари маблағлари етарли бўлмаса, ўз харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритади ҳамда маблағлари белгиланган муддатда ўтказиб беради.
Зарарнинг ўрнини қоплаш учун ўтказиб берилган маблағлар айбдор шахс томонидан ихтиёрий равишда қайтарилмаган тақдирда, давлат органи ушбу маблағларни айбдор шахсдан суд тартибида ундиради.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 6 ой ўтгач кучга киради.
Бу ер участкалари олиб қўйилишига нисбатан татбиқ этилмайди
Мазкур қонун давлат органларининг, улар таркибий ва ҳудудий бўлинмаларининг ёки мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарори, ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплашда юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.
Миллий гвардия, ички ишлар, божхона органлари ходимларининг ва ҳарбий хизматчиларининг ғайриқонуний ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли ҳамда давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш, шунингдек террорчиликка қарши операция ўтказиш натижасида, фавқулодда вазиятларни бартараф этишда, фавқулодда ҳолатни жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар натижасида ёхуд бундай ҳолатларга чек қўйиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича чоралар қўлланилиши муносабати билан жабрланган шахсларга ҳамда ер участкалари компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби алоҳида қонунлар билан белгиланади.









