«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон маданияти кунлари 27–28 июл кунлари Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилади.

«Кабар» Қирғизистон миллий ахборот агентлиги маълумотига кўра, Ўзбекистон ижодий делегацияси 26 июл куни «Иссиқкўл» (Тамчи) халқаро аэропортига етиб келган.

Делегацияга Ўзбекистон маданият вазири, халқ артисти Озодбек Назарбеков бошчилик қилмоқда. Унинг таркибидан 200 га яқин маданият ва санъат вакили, жумладан таниқли ижрочилар, созандалар, рақс жамоалари ва маданият арбоблари ўрин олган.

Икки кун давомида ўзбекистонлик санъаткорлар Иссиқкўл вилояти аҳолиси ва меҳмонларига мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда миллий санъатнинг замонавий ютуқларини акс эттирувчи дастурни тақдим этади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон маданияти кунлари икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.