Фуқароларнинг улушли қурилишга киритган маблағларини кафолатли ҳимоя қилиниши механизмлари белгиланмоқда. Жумладан, фуқароларнинг пул маблағлари тўғридан тўғри қурувчи ихтиёрида эмас, балки банкларда очиладиган эскроу ҳисобварағи орқали сақланади. Қурилиш белгиланган талаблар асосида амалга оширилиб, объект фойдаланишга топширилганидан кейин маблағлар қурувчига ўтказилади.

Шунингдек, қурувчи (девелопер) фақат қонунда белгиланган талабларга жавоб берган, Ягона ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, ваколатли банк билан бош битим тузган ва лойиҳа декларациясини эълон қилган тақдирдагина аҳоли маблағларини жалб қилиш ҳуқуқига эга бўлиши таклиф этилмоқда.

Бундан ташқари, улушли иштирок этиш шартномаси нотариал тасдиқланади ҳамда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу бир объектнинг такроран сотилиши, ноқонуний шартномалар тузилиши каби ҳолатларнинг олдини олади.

Қурувчи қонун талабларига зид равишда фуқаролар маблағларини жалб қилган тақдирда, улушдор ушбу маблағларни қайтаришни ва улардан фойдаланилганлик учун фоиз тўланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар талаб белгиланган муддатда бажарилмаса, фуқаро судга мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида қурилиш лойиҳаларини ўз вақтида якунига етказишга қаратилган таъсирчан механизмлар назарда тутилмоқда. Жумладан, зарур ҳолларда ваколатли банкни ёки қурувчини алмаштириш, қурилишнинг узлуксиз молиялаштирилишини таъминлашга қаратилган молиявий механизмлар яратилмоқда.