Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида ўзбекистонлик Мадина Рашид қизининг ўлими ҳолатлари тергов қилинмоқда. Унинг жасади Меркен туманидан топилган эди.

Полициянинг маълум қилишича, мазкур факт юзасидан ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддаси билан судгача тергов бошланган. Идора хабарига кўра, ҳозир ҳодисанинг барча тафсилотлари ўрганилмоқда, тергов сири ошкор этилмайди.

Марҳумнинг дугонасига кўра, фожиадан сал аввал Мадина унга оилавий можаролар ҳақида сўзлаб, эридан кетмоқчи эканини айтган. Мадина турмуш ўртоғи билан жанжаллашаётганидан бир неча бор шикоят қилган ва дугонасининг таъкидлашича, жисмоний зўравонликка учраб келган. У сўнгги жанжал ҳақида дугонасига ёзишмаларида айтиб берган. Айтилишича, можаро эри саккиз ойлик фарзандига олиб келган, аммо Мадина еб қўйган «Барни» бисквити туфайли келиб чиққан. Шундан сўнг эри уни урган.

Эртаси куни Мадина йиғиштирилган буюмларининг суратини юбориб, эридан кетмоқчи эканини маълум қилган. Шунингдек, у дугонасидан 15 минг тенге (32 доллар) сўраган, бироқ ўша пайтда пул топишнинг имкони бўлмаган.

Шундан сўнг Мадина билан алоқа узилиб қолган. Кейинроқ қайнонаси унинг дугонасига қизининг вафот этганини айтган.

Мадина Ўзбекистон фуқароси, унинг турмуш ўртоғи эса Қозоғистон фуқароси бўлган. Улар қарийб икки йилдан бери бирга яшаб, саккиз ойлик фарзандини тарбиялаётган эди. Дугонасининг сўзларига кўра, Мадина ҳомиладор бўлиши мумкин.

Марҳумнинг дугонаси ижтимоий тармоқдаги постларида унинг ўлими ҳолатларига шубҳа билдириб, синчковлик билан тергов ўтказишга чақирган. Унинг даъво қилишича, аёлнинг танасида жароҳатлар бўлган. Бу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмаган.

Сўнгги йилларда Қозоғистонда оилавий зўравонлик мавзуси хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун қабул қилиниши фонида кенг муҳокама қилинмоқда. Қонун оиладаги золимлар учун жазони кучайтирган. Бундан ташқари, собиқ вазир Қуандиқ Бишимбаевнинг ўзининг шаръий никоҳидаги аёли Салтанат Нукеновани ўлдириши республикада катта резонансга сабаб бўлди. 2024 йилнинг май ойида Бишимбаев ушбу жинояти учун 24 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.