Қурилиш соҳасидаги муаммолар сўнгги йилларда ватандошлар энг кўп шикоят қилаётган мавзулардан бирига айланди. Биргина Тошкент шаҳрининг ўзида сўнгги хатловда 70 дан ортиқ объектда 173 та кўп қаватли уй билан боғлиқ қонунбузилишлар қайд этилган.
Қурилишда қонунбузилишлар қандай қилиб бир неча йил давомида аниқланмай қолмоқда? Қонунбузилиш аниқланганда фақат қурувчи жавобгар бўладими ёки назоратни ўз вақтида амалга оширмаган мансабдорлар ҳам масъулиятга тортиладими? Бу саволлар сўнгги кунларда Тошкент марказидаги Newport мажмуаси атрофидаги можаро фонида яна кун тартибига чиқди.
Kun.uz қурилиш соҳасидаги назорат тизими, ноқонуний қурилган объектлар ва улардан хонадон сотиб олган ватандошлар ҳуқуқлари ҳақида инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов, Қурилиш вазирлиги масъули Жавоҳир Эргашбоев, Тошкент шаҳар ҳокимлиги масъули Жасур Каримов ҳамда Кадастр агентлиги вакили Сарвар Қодиров билан суҳбат ташкил этди.
Қурилишни ким назорат қилади?
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъули Жавоҳир Эргашбоевнинг айтишича, қурилиш жараёнида назорат бир нечта босқичда амалга оширилади.
“Қурилишлар назоратиб ўйича ягона схема мавжуд. Қурилиш соҳасида ягона сиёсат юритувчи орган – Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги бу борада биринчи навбатда ҳужжатларни тўғри расмийлаштириш тартибини белгилайди. Қурилиши бошланган ёки қурилиш режалаштирилган ишлар тегишли тартибда рўйхатдан ўтганидан кейин қурилиш соҳасида назорат қилиш инспекциясининг доимий назоратида бўлади”, – дейди вазирлик вакили.
Унинг айтишича, қурилиш объекти то фойдаланишга қабул қилингунга қадар назорат остида бўлади. Қурилишнинг қайси босқичида қонунбузилишга йўл қўйилганига қараб масъул орган ҳам фарқ қилади. Масалан, ер участкаси ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган бўлса, бу масалада Кадастр агентлиги чора кўради. Ерга ҳуқуқ мавжуд бўлса-ю, зарур лойиҳа-смета ҳужжатларисиз қурилиш бошланган бўлса, бу ҳолат қурилиш соҳасидаги назорат органлари ваколатига киради.
Қайд этиш лозим, Kun.uz мазкур суҳбатга соҳада асосий ижрочи бўлган Қурилиш инспекцияси вакилини ҳам таклиф қилган эди, аммо инспекция сўнгги дақиқаларда бундай мутахассис йўқлигини ва у яқинда ташкил этилган департамент таркибига ўтиб кетганини билдирди.
Newport мисолида назорат нега ишламаган?
Энг сўнгги шов-шувли мисоллардан бири – Яккасарой туманидаги Newport мажмуаси. Бу мажмуанинг 9 та блокидан 6 тасида қурилиш ишлари тегишли ҳужжатларсиз олиб борилган.






