Рақобат қўмитаси фуқароларни «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида ноқонуний рекламаларга ишонмасликка чақирди.

Қайд этилишича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Телеграм-ботлар орқали «Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш эвазига пул мукофотлари таклиф этилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Бу эса аҳоли орасида турли талқинлар ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб, жараённинг шаффофлигига путур етказиши мумкин.

Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишларда айрим таниқли блогерлар томонидан учинчи шахслар манфаати йўлида норасмий «бот»лар орқали маълум тўлов эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатилгани аниқланган. Бунда «расмий» сўзлардан ва «Очиқ бюджет» портали логотипларига ўхшаш белгилардан фойдаланилгани фуқароларни чалғитиши эҳтимолини кучайтиради.

Шу сабабли фуқароларга қуйидагилар эслатиб ўтилган:

«Ташаббусли бюджет» жараёнларида овоз бериш фақатгина «Очиқ бюджет» ахборот портали, унинг Android ва iOS тизимларидаги мобил иловалари ҳамда Телеграмдаги расмий бот орқали амалга оширилади;

Амалдаги тартибга кўра, берилган овозлар учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва овоз берган фуқароларга ҳеч қандай моддий рағбатлантириш кўзда тутилмаган;

Норасмий «бот»лардан фойдаланиш ёки улар орқали тарқатилаётган маълумотларга ишониш жараённинг тўғри ташкил этилишига салбий таъсир кўрсатиши ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фуқаролардан ушбу жараёнда фақат расмий манбаларга ишониш, ҳар қандай норасмий таклифларга алданмаслик ва бу каби ҳолатларга дуч келганда тегишли идораларга хабар беришларини сўраляпти.