Россия президенти Владимир Путин ўз ҳукуматига Ўзбекистон ва Қозоғистон билан амалдаги ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битимларга ўзгартиришлар киритиш бўйича музокараларни бошлаш бўйича топшириқ берди. Тегишли ҳужжатлар 27 июл куни имзоланган ва ҳуқуқий ахборотлар расмий порталида эълон қилинган.
Улар Қозоғистон билан 2013 йил 24 декабрдаги келишув ҳамда Ўзбекистон билан 2016 йил 29 ноябрда имзоланган, икки давлат ўртасида ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш соҳасидаги ҳамкорликни тартибга солувчи битимга тааллуқли.
Амалдаги битимлар нафақат ушбу мамлакатларга Россия қуролларини сотишни, балки ҳарбий мақсадларга мўлжалланган маҳсулотларни ўзаро етказиб беришни ҳам тартибга солади. Булар қурол-яроғ ва ҳарбий техникалардан ташқари технологиялар, ҳарбий-техник маълумотлар, интеллектуал фаолият натижалари, шунингдек конструкторлик, технологик ва эксплуатацион ҳужжатлар алмашинувини ўз ичига олади.
Битимлар доирасида қурол-яроғларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, қўшма илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини амалга ошириш, қўшма ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш ҳам назарда тутилган.
Ҳар икки битим бўйича етказиб беришлар ваколатли ташкилотлар ўртасидаги шартномалар асосида амалга оширилади. Ҳарбий маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш томонларнинг давлат органлари томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича амалга оширилади. Шу тариқа, шартномалар қурол-яроғ, бутловчи қисмлар ва улар билан боғлиқ хизматларни нафақат Россиядан Қозоғистон ва Ўзбекистонга, балки тескари йўналишда ҳам етказиб бериш имконини беради.
Эълон қилинган фармойишларда битимга айнан қандай ўзгартиришлар киритилиши режалаштирилаётгани очиқланмаган. Музокаралар якунлангач, томонлар тегишли ўзгартиришларни назарда тутувчи протоколни тайёрлаши керак бўлади.
Россия Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кейин киритилган чекловлар фонида ушбу келишувларга ўзгартириш киритмоқчи. Европа Иттифоқи Россияга қурол-яроғ, ҳарбий маҳсулотлар ва икки мақсадли маҳсулотлар, жумладан, электрон ва оптик компонентлар, двигателлар ва дронлар ясашда ишлатилиши мумкин бўлган деталларнинг кенг кўламли экспортини тақиқлаган. АҚШ ҳам Россия ҳарбий саноатини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган технологиялар, дастурий таъминот ва ускуналарни етказиб бериш ва қайта экспорт қилишга қатъий чекловлар қўйган.
АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия ва Япония Россия қурол ишлаб чиқариш учун сотиб олишга уринаётган 50 тоифадаги товарларнинг алоҳида рўйхатини тузган. Унга микросхемалар, радионавигация аппаратлари, конденсаторлар, оптик асбоблар, подшипниклар, учиш аппаратлари деталлари ва рақамли дастур билан бошқариладиган станоклар киради. Ғарб давлатлари бундай товарлар Россияга қарши санкцияларга қўшилмаган давлатлар орқали кириб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
27 июл куни The Insider нашрида Қозоғистондан Россияга ҳарбий радиоэлектроникада ишлатиладиган бериллий оксиди керамикасини етказиб бериш бўйича суриштирув эълон қилинганди. Журналистлар аниқлашича, Украинага босқиндан олдин бундай етказиб беришлар йилига тахминан 1 миллион долларга, 2025 йилда эса тахминан 8 миллион долларга баҳоланган. Қозоғистоннинг Kaz Ceramics компанияси маҳсулотларини радарлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, ўзи йўналтирувчи каллаклар ва ракеталар учун компонентлар ишлаб чиқариш билан боғлиқ Россия корхоналари, жумладан, С-300, С-400, «Панцир», «Бук» комплекслари ва «Искандер» ракеталари етказиб берувчилар сотиб олган.












