Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар шу ҳақда сўз юритишди.

Шарофиддин Тўлаганов: Аслида, 21-санкциялар пакети деган иборанинг ўзи кулгили эшитилади. Чунки агар биринчи пакет кутилган натижани берганида, иккинчисига эҳтиёж қолмас эди. Иккинчиси самара берганида эса учинчиси қабул қилинмасди. Бугун эса санкциялар пакетлари сони 21 тага етди.

Янги пакет доирасида 170 та ташкилот ва 48 нафар жисмоний шахсга нисбатан чекловлар жорий этилмоқда. Улар, асосан, банклар, молиявий институтлар ва айрим иқтисодий тузилмаларга қаратилган. Бу санкциялар амалда қанчалик самарали бўлишини ҳозирдан аниқ баҳолаш қийин.

Бу галги чекловлар фақат Россиянинг ўзига эмас, балки у билан иқтисодий алоқалари мавжуд бошқа давлатларга ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, Қирғизистон ва Қозоғистон ОАВда янги санкциялар уларнинг иқтисодиётига ҳам маълум даражада таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида фикрлар билдирилмоқда. Демак, Европа Иттифоқи чекловларни нафақат Россияга, балки у билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар фаолиятига ҳам билвосита таъсир кўрсатадиган тарзда кенгайтираётгандек таассурот уйғотмоқда.

Камолиддин Раббимов: Санкцияларнинг турли кўринишлари мавжуд. Айримлари аниқ шахсларни нишонга олади, бошқалари эса ҳукуматни ёки сиёсий тизимни чеклашга қаратилади. Яна шундай санкциялар борки, улар бутун давлат ва жамиятнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий салоҳиятини заифлаштиришни мақсад қилади. Масалан, Шимолий Корея ёки Эронга нисбатан қўлланган санкциялар фақат сиёсий элитани эмас, балки бутун иқтисодий тизимни босим остида қолдиришга қаратилган. Россияга нисбатан жорий этилган чекловлар кўлами ва оғирлиги жиҳатидан шундай тоифага яқинлашмоқда.

Бугунги кунда Россия санкциялар кўлами бўйича дунёда энг кўп чеклов қўлланган давлатлар қаторида биринчи ўринда. Сўнгги беш йил давомида Россияга нисбатан жуда кенг кўламли санкциялар жорий этилди. Натижада мамлакат нафақат стратегик ва юқори технологияли маҳсулотлар, балки оддий паррандачилик учун инкубатор ускуналари ва наслчилик материаллари каби йўналишларда ҳам импортга қарам бўлиб қолмоқда.

Санкцияларнинг таъсири дастлабки икки-уч йилда яққол сезилмади. Аммо охирги бир йил ичида уларнинг иқтисодиётга босими анча равшан намоён бўла бошлади. Буни инсон организмидаги камқонлик билан қиёслаш мумкин. Ташқи томондан одам соғлом кўриниши мумкин, бироқ организм заифлашган бўлса, ҳар қандай қўшимча зарбани оғирроқ қабул қилади. Санкциялар ҳам давлат иқтисодиётини айнан шундай заифлаштиради. Натижада унинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорлиги тобора мўртлашиб боради.

Россия иқтисодиёти ҳам санкциялар босимини сезиларли даражада ҳис қила бошлади. Бу жараён энди янада яққол намоён бўлмоқда. Келгусида АҚШда муҳокама қилинаётган қўшимча санкциялар ҳам қабул қилинса, босим янада кучайиши мумкин.

Агар бугунги санкциялар бўлмаганида, Россия халқаро савдони анча эркин амалга оширар, энергия ресурслари экспортидан тушадиган даромадлари ҳам анча юқори бўларди. Бу эса урушни молиялаштириш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирган бўларди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.