«Дунё» ахборот агентлиги хабар қилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистоннинг янги элчиси Ерали Туғжановни қабул қилди.
ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида Қозоғистон билан эришилган стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари юксак қадрланишини таъкидлаб, икки давлат раҳбарларининг ишончли мулоқоти туфайли ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланаётганини қайд этди.
Учрашувда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, ҳудудлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, транспорт ва логистика соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Бахтиёр Саидов Қозоғистоннинг янги элчисига Ўзбекистондаги дипломатик фаолиятида муваффақият тилади.
Маълумот учун, Ерали Туғжанов ушбу лавозимда 2022 йилдан буён Ўзбекистонда элчи бўлиб ишлаган Бейбут Атамқулов ўрнини эгаллади. У Тошкентга тайинланишидан олдин Қозоғистон бош вазирининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган, шунингдек, президент администрацияси, Манғистау ва Ақтўбе вилоятлари ҳокими, Касаба уюшмалари федерацияси раҳбари ҳамда бош вазир ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.











